Ўзини ҳурмат қилган давлат тилини ҳам эъзозлайди
Рус йигити биз билан ўзбек тилида шу қадар эркин, самимий ҳазил-хузуллар билан гаплашар эдики, кўзингизни юмсангиз, қаршингизда ўзбек боласи ўтириб гапираётгандай эди.
Бир куни қўшнимизникига меҳмон келди. У рус миллатига мансублиги, қолаверса, меҳмонлиги учун унга ҳурмат тариқасида рус тилида салом бердик. Аммо у кутилмаганда рус тилидаги саломимизга “Ваалайкум-ассалом!”-дея тиниқ, соф ўзбек тилида табассум билан алик олди. Бундан бирдек ҳаяжонланиб кетдик...
Рус йигити биз билан ўзбек тилида шу қадар эркин, самимий ҳазил-хузуллар билан гаплашар эдики, кўзингизни юмсангиз, қаршингизда ўзбек боласи ўтириб гапираётгандай эди.
Кейин ундан сўрадик. Ўзбек тилини бу қадар соф гапиришига қандай сабаб ва омиллар бор?! Бу ҳақда у завқ билан гапириб берди. Болаликдан ўзбек болалари даврасида катта бўлганлиги, ўзбек мактабида ўқиганлиги, улар билан ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга тотиганлиги ҳақида ҳикоя қилди. Суҳбатлашарканмиз, ота-онаси унинг қалбида ўзбек тилига, ўзбек халқига нақадар меҳр-муҳаббат уйғотганлиги сўзлашидан, ўзини тутишидан, атрофдагиларга муносабатидан яққол сезилиб турарди.
Шу вақт унинг қўл телефони жиринглаб қолди. У қўнғироқ эгасига энди рус тилида жавоб бера бошлади. Рус тилида ҳам худди шундай тиниқ, чиройли гапирарди. Тўғриси, унинг соф ўзбекча гапиришини эшитиб, рус тилини гўёки унутиб қўйгандай туюларди каминага...
У биздаги ҳайратни сезди чоғи юрагидагини тўкиб солди:
– Мен гарчи рус миллатига мансуб бўлсам-да, ватаним Ўзбекистонни онам, отам каби севаман. Айниқса, бобом ва бувим бу юртни, бу ўлканинг одамларини ҳамиша тўлқинланиб, кўзларида ёш билан мақтаб гапиришарди. Бобом ва бувим уруш йиллари, ўша даврларда ўзбек халқининг дунёга кўрсатган меҳрибонлигининг қиёси йўқ дейишарди. Бобом ва бувим ўзбек тилини сувдек ичган эдилар. Бемалол ўзбекча гапиришарди. Ота-онам ҳам шу анъанага содиқ қолиб, бизларни ҳам ўзбек тилини пухта ўрганишимизга алоҳида эътибор қаратганлар. Аслида шундай бўлиши керак. Чунки биз миллатимиз, эътиқодимиздан қатъи назар, мана шу Ватаннинг фуқароларимиз. Ўзбек тилини, давлат тилини билишимиз, уни ҳурмат қилишимиз зарур...
Қарангки, бу гапларни рус миллатига мансуб ватандошимиз айтаётган эди. Унинг сўзларидан таъсирланар эканман, беихтиёр ўзи ўзбек бўла туриб, ўзбекча гапиришни кўпам “хушламайдиган”, ривожланиш, юксалиш калитини фақат ва фақат хориж тиллари имкониятларидан излайдиган баъзи юртдошларимиз хаёлимдан ўтди. Аслида хатони ўзимиздан қидиришимиз керак. Камина ҳам ўзимга ўзим савол берарканман, баъзида “на всяки пожар”, “например”лаб қоладиган одатимдан уялиб кетдим...
Ҳа, ҳаётнинг ўзи инсонга муаллимлик қилади. Бирни кўриб фикр қил, дейдилар. Ўзбекистон деган жаннатмакон, серқуёш ўлкада, мустақил ва обод ватанда яшарканмиз, ўз она тилимизга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишимиз, унинг қадр-қимматини ўрнига қўйишимиз лозим. Зеро, унутмаслик керакки, ўзини ҳурмат қилган инсон давлат тилини ҳам эъзозлайди. Чунки она тилимиз – ҳаётимиз, борлиғимиз, бугунимиз ва эртамиздир.
Баҳодир Валиев,
Фавқулодда вазиятлар
вазири маслаҳатчиси