Зилзилага тайёргарлик — хавфсиз ҳаётнинг муҳим омили
Табиий офатларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятлар оқибатини минималлаштиришда энг муҳим омиллардан бири — фуқароларнинг хавфли вазиятда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмасига эга бўлишидир.
Шу мақсадда мамлакатимизда аҳолининг сейсмик хавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 20–27 октябрь кунлари “Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги” ўтказилаётгани ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Ҳафталик доирасида Бухоро вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимлари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда зилзила содир бўлган вақтда инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, саросимага берилмасдан вазиятни тўғри баҳолаш, хавфсиз жойни танлаш ҳамда фавқулодда вазиятларда белгиланган тартиб асосида ҳаракат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга бино ичида ва ташқарида зилзила вақтида ўзини қандай тутиш, хавф туғдириши мумкин бўлган жойлардан узоқлашиш, эвакуация талабларига риоя қилиш, биринчи навбатда болалар, кексалар ва ёрдамга муҳтож фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга тайёргарлик кўриш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунда асосий ёндашув фақат фавқулодда вазият содир бўлганидан кейин унинг оқибатларини бартараф этиш эмас, балки хавфни олдиндан баҳолаш, профилактика ишларини кучайтириш ва аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган.
Зилзила каби табиий офатларнинг аниқ вақтини олдиндан белгилаш имкони чекланган бир шароитда эса аҳолининг хабардорлиги ва амалий кўникмаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу боис бундай семинарлар оддий тарғибот тадбири эмас, балки инсон ҳаётини асраб қолишга қаратилган муҳим профилактик чора сифатида аҳамиятлидир. Семинар давомида иштирокчилар мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, зилзила вақтида ҳаракатланиш тартиби ва хавфсизлик чоралари юзасидан батафсил жавоблар олдилар.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай тадбирларни мунтазам ташкил этиш орқали ходимларда фавқулодда вазият юзага келганда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш, хавфни тўғри баҳолаш ҳамда атрофдагилар хавфсизлигини таъминлаш кўникмалари мустаҳкамланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, сейсмик хавфсизлик фақат соҳавий ташкилотлар ёки махсус хизматларнинг вазифаси эмас. Бу — жамиятнинг ҳар бир аъзосидан масъулият ва тайёргарликни талаб қиладиган умумий вазифа.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири