Зилзиладан кейинги таҳлика
Туркиянинг Газиантеп ва Шонлиурфа вилоятларида бугун кескин об-ҳаво ўзгариши кузатилди. Мутахассислар томонидан “супер ҳужайра” деб номланган бу кучли тўфон туфайли қисқа вақт – тахминан 20 дақиқа ичида ҳар квадрат метрга ўртача 60 кг миқдорида ёғин ёғди. Тўфон давомида кучли шамол, дўл ва қуюн кузатилди.
Мазкур табиий ҳодиса икки шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказди. Кўчаларни сув босди. Тўфон дарахтлар ва электр устунларини қўпорди. Шунингдек, кўпгина транспорт воситалари шикастланди.
Газиантепнинг “Alleben” дараси атрофида сув сатҳи кўтарилиб, тошқин хавфи юзага келди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида Газиантепда 23 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олди. Уларга вақтида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Газиантеп валийлиги қарорига мувофиқ, Шоҳидкомил, Шаҳинбей ва Незип туманларидаги барча таълим муассасаларида ўқув жараёни бир кунга тўхтатилди.
ЎзА мухбири боғланган газиантеплик қардошимиз Нилгун Ўзер ҳолатни шундай тавсифлади:
– Биз 2023 йил 6 февралдаги зилзилада омон қолган оилалардан биримиз. Вилоятимиз яна бир бор жиддий табиат ҳодисаси билан юзлашди. Болаларим жуда қўрқди. Ҳовлида турган авто машинамиз пачоқланди. Уйимиз томи қўпорилди, осмондан қуюқ ёғин ёғди. Аввал ҳеч кузатилмаган ҳодисага гувоҳ бўлдик. Аллоҳ барчамизни ўз паноҳида асрасин.
Ҳозир фавқулодда вазиятлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда маҳаллий ҳокимликнинг тегишли хизматлари ходимлари томонидан муаммоларни бартараф этиб, вазиятни барқарорлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Расмий идоралар томонидан аҳолига эҳтиёт чораларини кўриш, фавқулодда ҳолатлар бўйича берилган кўрсатмага амал қилиш тавсия этилмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА