Испанияда мигрантларга 2 800 евродан тарқатиляптими?
Испания Бош вазири Педро Санчес номидан тарқатилган бир хабар ижтимоий тармоқда жиддий шов-шувга сабаб бўлди. Гўё, ушбу мамлакатда қонуний ишлаётган муҳожирларга ҳар ой 2 800 евро тўланиши айтилган. Аслида сохта манбаларга таяниб ёзилган бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ахборот матнида тилга олинган “El Diario de España” нашри амалда мавжуд эмас экан. Шунингдек, материалда кўрсатилган сана ва воқеалар ҳам бир-бирига мос келмаган: Испания ҳукумати муҳожирларни легаллаштириш дастурини шу йил январь ойида эълон қилган ва ҳужжат апрель ойида кучга кирган.
Расмий Мадрид баёнотига кўра, янги тартиб доирасида муҳожирларга пул тўланмайди, балки қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқи берилади. Ариза берувчи мамлакатда камида беш ой яшагани ва судланмаганини исботлаши шарт. Вақтинча яшаш рухсатномаси эса бир йилга берилиб, кейин узайтирилиши мумкин.
Европа комиссияси ушбу дастурга эҳтиёткорона ёндашмоқда. Шунга қарамай, Испания миграция вазири Эльма Саис бу ташаббусни “Европа учун намуна” деб атаб, мамлакатда аллақачон яшаб келаётган инсонларни қонуний тизим билан интеграциялашга хизмат қилишини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА