Зиддиятнинг бу йил тўхташи амримаҳол...
Россия-Украина
АҚШ Президенти Жо Байден ва Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Шимолий Ирландияда кўришдилар, учрашув чоғида Украина атрофидаги зиддият муҳокама қилинди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа ишлари бўйича катта директори Аманда Слоат маълум қилди.
“The Washington Post” газетасининг интернетга сиздирилган махфий маълумотларига таяниб хабар беришича, АҚШнинг разведка бошқармаси Москва ва Киев ўртасида бу йил тинчлик музокаралари ўтказилиши эҳтимоли кам, деб ҳисоблайди.
“Барча сценарийларни ўрганиб чиқиш шуни кўрсатмоқдаки, 2023 йилда зиддиятни тўхтатишнинг имкони мавжуд эмас”.
Беларусь Украина можаросида ярашув ва музокараларни бошлаш таклифини киритди, деб маълум қилди Венгрияда бўлиб турган республика ташқи ишлар вазири Сергей Алейник.
“Минскнинг қарашлари аниқ: инсонларнинг ўлимини тўхтатиш зарур, зудлик билан ярашув эълон қилиш ва кечиктирмасдан музокаралар бошлаш керак”, деб баёнот берди вазир.
Латвия Украинага ўзининг ҳарбий хизматчиларини “ёрдамчи функциялар”ни бажариш учун юборди.
Болтиқбўйи республикаси Мудофаа вазирлигига таяниб, “Delfi” портали хабар берди.
Таъкидланишича, “хизматчилар жанговор ҳаракатларда қатнашмайдилар”.
Жаҳон банки президенти Дэвид Мэлпаснинг баёнотига кўра, Украина 2023 йилда муҳим иқтисодий харажатлар учун қўшимча 11 миллиард доллар маблағга эҳтиёжи бор.
“Мамлакатни турли, хусусан, энергетика инфратизими, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги узоқ муддатли лойиҳаларни қўллаш жуда муҳим. Инвестициядан ташқари, биз сиёсат, ислоҳотлар ва Украина келажаги учун муҳим бўлган ҳаётий лойиҳалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказамиз”.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина Бош вазири Денис Шмигалем билан суҳбати давомида ҳаво ҳужумидан ҳимоя ва артиллерия воситалари ҳамда украиналик ҳарбийларни қайта тайёрлаш сингари ҳарбий ёрдам масалалари муҳокама қилинган.
Вашингтонда бўлиб ўтган суҳбат натижалари тўғрисида Пентагоннинг матбуот котиби Патрик Райдер хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Остин ва Шмигаль хавфсизлик соҳасида АҚШ ёрдамларининг ҳисоботини таъминлаш муҳим экани тўғрисида келишиб олдилар.
Мингдан ортиқ украиналик ҳарбийлар Испанияда ўқув машғулотларида қатнашдилар, айримларининг таълими ҳали давом этмоқда, деб маълум қилди Қироллик мудофаа вазири Маргарита Роблес.
Унинг айтишича, “шу ойнинг охиригача Киевга олтита “Leopard” танки етказиб берилади”.
Бундан ташқари, вазир 20 та бронетранспортер юбориш тўғрисида ҳукуматнинг қарори борлигини қайд этди.
“Белград на Киевга, на Москвага қурол-аслаҳа сотмади ва бундан кейин ҳам сотмайди”, деб баёнот берди Сербия мудофаа вазири Милош Вучевич.
“Tanjug” агентлигига берган суҳбатида вазир “кимдир Сербияни мазкур инқирозга тортишни жуда истамоқда. Биз аввалдан тасдиқланган сиёсатимизга содиқ қоламиз”, деди.
Аброр ХОН,
ЎзА