Европада зарур дорилар танқисми?
Европа Иттифоқи ҳаётий муҳим дори-дармон таъминотида ташқи давлатларга қарамликни камайтиришга киришмоқда. Европарламент қабул қилган янги қонун антибиотиклар, инсулин ва сурункали касалликларни даволаш воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали танқислик хавфини пасайтиришга қаратилган.
Айрим дориларнинг таркибий қисми Ҳиндистон ҳамда Хитойдан келтирилади. Фаол фармацевтик моддалар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қарийб тўртдан уч қисми ЕИдан ташқарида жойлашган. Янги қонун асосида муҳим дори воситалари таркибини ишлаб чиқарувчиларга молиявий кўмак берилиб, корхоналарни кенгайтириш учун рухсат бериш жараёни тезлаштирилади. Давлат харидида эса фақат арзон нарх эмас, балки маҳсулот узлуксиз етказиб берилиши ҳам ҳисобга олинади.
Шунингдек, ҳужжат мамлакатларга дориларни биргаликда харид қилиш имконини ҳам беради. Бу, айниқса, кичик бозорларда таъминотни яхшилайди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари яратиш ва таъминотчини кўпайтириш вақт талаб этади. Шу боис ҳужжат дорихоналардаги танқисликни дарҳол бартараф этмайди. Саъй-ҳаракат самараси давлатлар ҳамкорлиги ва фармацевтика компаниялари сармоя киритишига боғлиқ.
Мусулмон Зиё,
ЎзА