Зиддиятни ҳал этиш учун узоқ муддатли режа керак
Россия-Украина
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга дон шартномаси бажарилиши билан боғлиқ мурожаатини топширди. Айни мазмундаги мактуб Украина ва Туркияга йўлланган.
Рим Папаси Франциск 27 апрель куни Украина Бош вазири Денис Шмигални Апостоль саройида қабул қилади, дея хабар берди Муқаддас тахт матбуот хизмати. “ANSA” агентлиги маълум қилишича, бу понтификнинг Украина ҳукумати раиси билан иккинчи учрашуви.Дастлабки шундай мулоқот 2021 йил 25 мартда бўлиб ўтган.
АҚШ ҳокимияти Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Хитой воситачилигида Украина инқирозини ҳал этиш бўйича билдирган таклифидан норози. Бу ҳақда мабаларга таяниб, “Bloomberg” ёзган. Айтилишича, Оқ уй режа иттифоқдошлар билан маслаҳатлашмасдан таклиф қилинганидан ғазабланган.
Европалик мулозимлар ХХР воситасида Россия ва Украина музокараси ташкил этилиши томонларнинг ҳудудий талабини чалкаштириб юбориши мумкинлини таъкидлашади.
ЕИ аввалгидек Украинани қурол-аслаҳа билан таъминлашни давом эттиради, деб баёнот берди Венгрия ташқи ишлар ва иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто.
– Венгрия Украинадаги можаро тезроқ тўхташи, бу юртга тинчлик келишини истайди, қурол-яроқ эса зиддиятни, таҳдидни кучайтиради, – деди у. – Қурол етказиб бериш ўрнига, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун оташкесинни тўхтатиш, тинчлик музокарасини бошлаш керак.
Украиналик расмийлар Қўшма Штатлар Киев томонидан олиб борилаётган ҳарбий амалиётни қисман назорат қилаётганини эътироф этишди. Бу ҳақда Интернетга сиздирилган Пентагоннинг махфий ҳужжатларига таяниб, “The Washington Post” газетаси маълум қилди.
Американинг “Abrams” танклари Германияга етиб келди, бироқ ҳали бу машиналар жанговар ҳаракатда қўлланмайди, ҳозирча украиналик ҳарбий хизматчиларни ўқитиш учун фойдаланилади. Бу ҳақда Пентагон матбуот хизмати раҳбари Патрик Райдер маълум қилди.
ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррель хабар беришича, ташкилотҳозиргача Украинага 13 миллиард долларлик қурол-аслаҳа етказди ва 16 мингдан зиёд ҳарбийни ўқитди.
– Тинчлик музокараси бошланишизарурлигини тушунаман, бироқ бу жанг майдонидаги кучлар мувозанатига боғлиқ, – деди у. – Украина кучайгач, музокара ҳақида гаплашиш мумкин.
Сайёрамизда тинчликни таъминлаш учун БМТ Украина атрофидаги зиддиятни ҳал қилишнинг узоқ муддатли режасини ишлаб чиқиши керак. Бу ҳақда Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамапоса баёнот берди. “News24” портали унинг “Мазкур режа Россия ва Украина низосини тугатиши, томонлар хавфсизлигини таъминламоғи ва жаҳон урушига йўл қўймаслиги керак”, деган сўзларини иқтибос сифатида келтирган.
ЕИ Киев эҳтиёжи учун ҳамкорликда ўқ-дори сотиб олишни тезлаштириши керак, деди Финландия ТИВ раҳбари Пекка Хаависто.
Хитойнинг Қрим масаласига қараши ўзгармаган, Пекин барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилади. Бу ҳақда ХХР ТИВ расмий вакили Мао Нин маълум қилди.
“Пекин халқаро ҳамжамият билан бирга Украина инқирозини сиёсий йўл орқали ҳал этишга ҳиссаси қўшади”, дея қўшимча қилди у.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба баёнотига кўра, “Россия XXI аср тинчлик асри бўлиши умидини пучга чиқарди, ҳаммани колониал тизим кучайган XIX аср муҳитига етаклади”.
Аброр ХОН,
ЎзА