Зиддият норозилик келтириб чиқармоқда...
Россия – Украина
АҚШ маъмурияти Украина масаласида тинчлик шартномаси ҳақида гап кетганда, Киевнинг қараши тўла акс этмаган ҳеч қандай таклиф қабул қилинмайди, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Хитой Россияга “қўшимча босим ўтказиш йўли билан” тинчлик шартномасини қабул қилишда қўмаклашиши мумкин. “ХХРда Москвага таъсир ўтказиш имкони мавжуд”, дея қўшимча қилган мулозим.
АҚШ Мудофаа вазирлиги Украина учун 27.1 миллион долларлик “M1A1 Abrams” танкини сотиб олиш бўйича Американинг “General Dynamics Land Systems” компанияси билан шартнома тузди. Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, танклар Киевга йил охиригача етказиб берилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, яқин орада украиналик ҳарбийлар учун мазкур ҳарбий машинадан фойдаланиш бўйича ўқув курси ташкил этилиши маълум қилинди.
Европа Иттифоқи махсус дастури доирасида 16 мингдан зиёд украиналик ҳарбий ўқишни тугатиш арафасида, дея маълум қилди ЕИ Машғулот ўтказиш миссияси қўмондони Эрве Блежан
Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг иккинчи ўринбосари Ли До Хун Сеул Украинага қўшимча гуманитар ёрдам карвони юборишини маълум қилди. Вазирлик матбуот хабарида “Хун Украинада гуманитар вазият ёмонлашаётганидан хавотир билдирганига урғу берилган”
Чехия Украинага 32 миллион долларгача ҳарбий ёрдам кўрсатишни режалаяпти. Бу ҳақда “СTK” агентлиги мудофаа вазири Ян Черноховга таяниб маълум қилди. Хабарда Қуролли кучлар захирасидаги қурол-аслаҳадан ташқари жанговар пиёда машинаси ва шовқинли самолёт сотиб олиб, Киевга етказиб бериш режаси ҳам муҳокама қилинаётгани айтилган.
Греция Украинага “Leopard 2A6” танкини жўнатмайди, дея баёнот берди миллий мудофаа вазири Никос Панайотопулос.
“Бугунгача Греция Киевга бир неча пиёдалар жанговар машинаси ва қурол-аслаҳа юборди”, деди у.
Украина Президенти Владимир Зеленский баёнотига кўра, Киев ва Варшава янги ҳарбий пакет масаласини келишиб олди. “Укринформ” агентлиги давлат раҳбари гапидан “Польша бизга қирувчи “МиГ-29” самолёти, “Rosomak” зирҳли транспортёр ва “Piorun” зенит ракетаси мажмуаси етказиб беради”, кўринишида иқтибос келтирган.
Аввалроқ Польша ўзидаги мавжуд 28 та “МиГ-29” учоғидан тўрттасини Киевга берган эди. Зеленский билан учрашган Польша Президенти Анжей Дуда Киевга яна тўртта шундай самолёт жўнатиш муждасини берди.
Польша қишлоқ хўжалиги вазири Хенрик Ковальчик фермерларнинг Украинага буғдой етказиб беришга қарши оммавий норозилигидан кейин истъфога чиқишини маълум қилди. У Европа комиссиясининг Украина ғалласини божсиз олиб киришни 2024 йил июнигача узайтириш тўғрисидаги қарори туфайли лавозимини тарк этаётганини таъкидлаган, деб ёзди “Reuters”.
Аввалроқ Польша, Болгария, Руминия, Словакия ва Венгрия ЕИга кириб келаётган буғдой, ёғ-мой, тухум, парранда ва шакар сингари озиқ-овқат маҳсулотларини чеклашни сўраб, Европа комиссиясига мурожаат қилган.
Украина молия вазири Сергей Марченко ва Жаҳон банкининг Шарқий Европа бўйича минтақавий директори Арул Банержи Киевга 2.5 миллиард доллар грант бериш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Аброр ХОН, ЎзА