Жиззах гарнизонида ҳарбий парад ўтказилди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги марказий ўйингоҳда ҳарбий парад ўтказилди.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги марказий ўйингоҳда ҳарбий парад ўтказилди.
Марказий ҳарбий округдаги кучишлатар тузилмалар билан ҳамкорликда “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остида ўтказилган кенг миқёсдаги тадбир 2000 га яқин жиззахлик ёшларни қамраб олди.
Жанговар техникалар парадидан сўнг, қўл жанги элементларидан кўргазмали чиқишлар ва Жиззах Маънавият ва маърифат марказий ҳарбий оркестри томонидан ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Ички ишлар бошқармасига қарашли хизмат итларини чаққон ва алдамчи ҳаракатлари томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

– Бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади, – дейди майор Лутфулло Жалолов. – Бундан бир неча йил олдин армия халқдан алоҳида бир ташкилотга ўхшаб кўринарди. Ҳозирги кунда шаҳар ва туман марказларида ҳарбий техникалар парадини ўтказяпмиз. Ҳарбий қисмларда “Очиқ эшиклар куни” ташкил этиляпти. Полигонларда ўқувчилар жанговар машғулотларни кузатишяпти. Халқ билан армия яқинлашаётгани эътиборга молик. Демак, мудофаа соҳасидаги очиқлик сиёсати ўз кучини кўрсатяпти, деб хулоса қилсак бўлади.
Тадбир сўнггида Жиззах гарнизони раҳбарияти ва Миллий гвардияси қўмондонлиги, Ички ишлар бошқармасининг махсус отряди томонидан ҳарбий техника ҳамда қурол-яроғлар кўргазмаси намойиш этилди.

