ЖИДУда ёш дипломатлар мунозараси бошланди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ёшлар томонидан халқаро муаммоларни дипломатик мулоқот орқали ҳал этишга қаратилган "UWED Model United Nations-2026" конференцияси очилди. 1 671 ариза орасидан сараланган 350 нафар делегат икки кун давомида БМТ фаолиятини моделлаштириб, глобал масалалар бўйича музокара олиб боради ва резолюция ишлаб чиқади.
Анжуманда Швейцариянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Симоне Гигер, БМТ Ахборот идораси раҳбари Анвар Мелибоев, Осиё тараққиёт банки лойиҳалар тўпламини бошқариш бўйича катта мутахассиси Жануар Лауде, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

"Мулоқотдан амалиётга: келишмовчиликлар даврида ёшлар овози орқали глобал бошқарувни қайта кўриб чиқиш" мавзусидаги тадбир халқаро муносабатда ёшларнинг ўрни, кўп томонлама ҳамкорлик ва дунёвий муаммоларга келишув асосида ечим топиш масалаларини муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлди.

Икки кунлик дастур доирасида делегатлар БМТ қўмиталари ишини мувофиқлаштириш, ўзлари вакиллик қилаётган давлат қарашини ҳимоя қилиш, дипломатик музокара ўтказиш ҳамда резолюция лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади. Мазкур жараён таҳлилий фикрлаш, нотиқлик, жамоада ишлаш ва қарор қабул қилиш кўникмасини амалда синаш имконини беради.

Конференция Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ олий таълим муассасаси, мактаб ва академик лицейлари вакиллари, шунингдек хорижий иштирокчиларни бирлаштирди.

"UWED Model United Nations" 21 йиллигини нишонланмоқда. Ушбу ташаббус ёшларни халқаро муносабат соҳасидаги назарий билимини амалиёт билан уйғунлаштириш, дипломатик мулоқот маданиятини шакллантириш ва келажак мутахассисларини тайёрлашга хизмат қилади.
Мусулмон Зиё,
ЎзА