Зеленскийнинг “Ғалаба режаси” тафсилоти ошкор бўлди
Буюк Британияда чоп этиладиган “Times” газетаси Владимир Зеленский Жо Байденга тақдим этиш учун АҚШга олиб келган Украинанинг “Ғалаба режаси” тўрт асосий бўлимдан иборатлигини ёзган.
Хусусан, НАТОга аъзолик бўйича ўзаро мудофаа келишувига ўхшаш Ғарб хавфсизлик кафолати, Украинанинг Курск вилоятидаги амалиётини ҳудудий гаров сифатида давом эттиришга кўмаклашиш, замонавий қуроллар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг вайрон бўлган иқтисодиёти учун халқаро молиявий ёрдам сўралган.
Зеленский 26 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Байден билан учрашувгача режанинг тўлиқ тафсилоти ошкор қилинмаслиги, бу ҳужжатни президентликка икки номзод Дональд Трамп ва Камала Харрисга ҳам тақдим этиш ниятида эканини маълум қилган.
Бундан ташқари Зеленский, Трамп сайловда ғалаба қозонган тақдирда Киевни ноқулай тинчлик келишувига мажбурлашига йўл қўймаслик мақсадида, Байдендан “хавфсизлик кафолати” талаб қилмоқчи.
Аввалроқ Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича Бразилия ва Хитой таклифи ҳам янграган. Киев эса ушбу ташаббусни Россия манфаатига хизмат қилади, дея рад қилганди.