Зеленский: Украина НАТО даражасидаги қудратли армияга эга
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг баёнот беришича, Украина қудратли армияга эга, у НАТО даражасидан паст эмас, амалий тажриба орттирган.
"Армиямиз қудратли, биз армиямизга тўлиқ ишонамиз, улар яқинда чоқирилган болалар эмас. Бу жиддий армия, агар биз НАТО даражасидаги армия ҳақида гапирадиган бўлсак, унда улар даражасидан кучсиз эмаслигимиз аниқ. Камида НАТО даражасидамиз, чунки армиямиз амалий тажрибага эга, аскарларимиз уруш кўрган, дўстларини дафн қилган ва мамлакатини ҳимоялаган, отишмаларда иштирок этган", - деди Зеленский жума куни харижий ОАВ вакилларига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, агар Россия билан уруш бошланса, халқ ҳарбийлар билан бир бўлиб мамлакатни ҳимоя қилади. "Бугун эса халқ мамлакат учун, жасур ва қўрқмас армиямиз учун ишлаши керак", - дея қўшимча қилган президент.
Украина раҳбарининг фикрича, агар Россия билан катта уруш бошланса, у бошқа мамлакатларни ҳам ўз домига тортади. "Агар катта уруш бошланадиган бўлса, бу уруш нафақат Украина билан ва нафақат мамлакатимиз ҳудуда бўлади. Бу гибридли уруш, ахборот уруши, киберҳужумлар уруши бўлади", - деган президент.