Зеленский Эрдўғонга миннатдорлик билдирди
Владимир Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Россия ҳарбий кемаларининг Қора денгиз бўғозларидан ўтишини тўсиб қўйгани учун Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғонга миннатдорлик изҳор қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” ёзган.
Зеленский айни қарор ҳақиқатан Туркия раҳбарияти томонидан қабул қилинганми ёки йўқ, буни аниқламади. Туркия расмийлари ҳозирча хабарга изоҳ бермади.
"Дўстим, Президент Эрдўғон ва Туркия халқига кучли қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдираман. Россия ҳарбий кемаларининг Қора денгиз орқали ўтишини тақиқлаш ва Украинага ҳарбий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш бугунги кунда жуда муҳим. Украина халқи буни ҳеч қачон унутмайди.”, деб ёзган Зеленский.
Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазирлиги томонидан Босфор ва Дарданел бўғозлари Россия кемалари учун ёпилиши билан боғлиқ маълумот берилганди.