Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар янада кенгаяди
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ва Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари М.Мантонавелли билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Бу жараёнда Адлия вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ва Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари М.Мантонавелли билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтган онлайн учрашувда Жаҳон банкининг Вашингтондаги бош офиси вакиллари ҳам иштирок этди.
Адлия вазири Р.Давлетов мулоқот иштирокчиларига вазирлик фаолияти, Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли, шунингдек мамлакатимизда нафақат фуқаролар, балки бизнес учун ҳам қулай шароит яратишнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Хусусан, вазир ҳозирги вақтда «тартибга солиш гильотинаси» механизмидан фойдаланган ҳолда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини мақбуллаштириш, мамлакатимизнинг қатор сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш, аҳолининг муҳтож қатламларига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, медиация институтини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Мазкур йўналишлардаги лойиҳаларни амалга оширишда Жаҳон банки билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканини қайд этди.
М.Мантонавелли Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва самарадорлигига юксак баҳо бериб, ҳамкорлик қилишга ва Адлия вазирлигининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Жаҳон банкининг давлат сектори бўйича мутахассиси Халид Малик Адлия вазирлиги ташаббуси “тартибга солиш гильотинаси” механизмига доир илғор дунё тажрибасидан норматив ҳужжатларни мақбуллаштиришда фойдаланиш муҳим эканини алоҳида эътироф этар экан, мазкур йўналишда ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашув якуни бўйича ҳозирги вақтда Жаҳон банки томонидан ишлаб чиқилаётган кейинги 5 йилга мўлжалланган Ўзбекистон учун ҳамкорлик дастури («The Country Partnership Framework for Uzbekistan») доирасида Адлия вазирлиги ва Жаҳон банкининг ҳамкорликдаги лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича келишувга эришилди.