Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмасини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди
Учрашув давомида ўзаро савдо муносабатларининг жорий суръати ҳамда ушбу йўналишда аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш орқали ўзаро савдо ҳажмини янада кўпайтириш истиқболи юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Ўзбекистон делегациясининг Туркияга ташрифи давомида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркия Республикаси савдо вазири Рухсора Пекжан билан учрашди.
Учрашув давомида ўзаро савдо муносабатларининг жорий суръати ҳамда ушбу йўналишда аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш орқали ўзаро савдо ҳажмини янада кўпайтириш истиқболи юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Муҳокама чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий шериклик стратегик аҳамиятга эга экани, сўнгги йилларда муносабатлар кўлами барқарор ўсиш даражасини намоён этаётгани алоҳида таъкидланди. 2019 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард долларни ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 22,7 фоиз ўсиш кузатилди. Томонлар пандемия таъсирига қарамай, ўзаро савдо ҳажмини қисқа муддатда 5 миллиард долларга етказиш ниятини тасдиқлашди. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда ҳар икки мамлакат тегишли идораларининг эксперт ва мутахассислари томонидан ишлаб чиқилаётган имтиёзли савдо тўғрисидаги Битим лойиҳасини тасдиқлаш жараёнини тезлаштириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни қамраб олувчи бошқа бир қатор долзарб масалалар, жумладан, ҳар икки мамлакат карантин хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Ушбу ҳамкорлик биргаликда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим доирасида амалга оширилиши кутилмоқда. Битим имзоланиши, шунингдек, ҳар икки мамлакат бозорига маҳсулот етказиб беришда ўзбек ва турк тадбиркорлари сарф-харажатлари камайишига олиб келади.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди: жорий йил январь ойида Тошкент шаҳрида Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон темир йўл маъмуриятлари томонидан юк ташиш учун 50 фоиздан 70 фоизгача тариф чегирмаларини жорий этиш тўғрисидаги баён имзолангани айтиб ўтилди. Учрашув давомида Туркия томонига мамлакат темир йўл маъмуриятининг ушбу баёнга эҳтимолий қўшилиши масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Туркия томонига Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳнинг 4-йиғилиши чоғида мамлакатимизни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.
Жорий йилнинг февраль ойида Туркияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф давомида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси”нинг бажарилиши алоҳида кўриб чиқилди. Томонлар ушбу ҳужжатнинг барча бандларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва янги мониторинг механизмини жорий этишга келишиб олдилар.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорликнинг белгиланган йўналишлари доирасида келгусида биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлар режалаштирилиб, икки мамлакат ташқи иқтисодий идоралари даражасида ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришни яхшилаш бўйича келишувга эришилди.
