Ўзбекистон парламент делегациясининг Тожикистонга ташрифи бошланмоқда
Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Марказий Осиёнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг устувор йўналиш сифатида белгилаб олиниши, минтақадаги барча давлатлар, жумладан, Тожикистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини жадал ривожлантириб бориш имконини бермоқда.
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тўғри таъкидлаганидек: “Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг иккита шохига, битта дарёнинг иккита ирмоғига ўхшайди. Биз халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва ҳимоя қилишимиз керак".
Сўнгги тўрт йил давомида дўстона муносабатлар ва мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Бу, аввало, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг сиёсий иродаси ва стратегик қарашлари натижасидир. 2016 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари турли саммитлар ва ўзаро ташрифлар доирасида мунтазам учрашиб келмоқда.
Олий даражадаги учрашувлар ўзаро муносабатлар ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Қисқа вақт ичида мамлакатларимиз деярли барча соҳада илгари мисли кўрилмаган ютуқларга эришди.
2015 йилдан бери ўзаро савдо ҳажми қарийб 3 баравар ошди. Ҳозир ҳам пандемияга қарамай, ўзаро савдодаги ўсиш сақланиб қолмоқда. Илгари Ўзбекистон – Тожикистон капитали иштирокидаги бирорта корхона фаолият юритмаган бўлса, бугунги кунда улар сони эса 170 дан ортиқни ташкил этмоқда.
Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган бирорта муаммо қолмади. Энг нозик ва мураккаб масалалар ҳам ўз ечимини топмоқда.
Бу ўзгаришлардан биринчи галда оддий фуқаролар манфаат кўрмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг минглаб фуқаролари кўп йиллардан бери биринчи марта ўз қариндош ва бирордарлариникига бемалол бориб келиш имконига эга бўлди. Атиги уч йил олдин Ўзбекистон – Тожикистон чегарасидан ҳар куни бор-йўғи 3-3,5 минг киши ўтган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 20 минг кишини ташкил этмоқда.
Мамлакатларимиз ҳамкорлигида парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутади. 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Вакиллар палатаси ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган бўлиб, унда парламентлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгиланган.
Айниқса, парламент делегациялари алмашинувини доимий йўлга қўйиш, парламентларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти юзасидан ўзаро тажриба алмашишига катта эътибор қаратилган.
Битимда ҳар иккала парламент қўмиталари ва комиссиялари, депутатлик гуруҳлари, девонлари ўртасида доимий ҳамкорлик ўрнатиш, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиётини, парламент фаолияти тажрибасини ўрганиш мақсадида ўзаро делегациялар алмашиш ўз аксини топди.
Бундан ташқари, ўзаро манфаатли халқаро масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш, халқаро ташкилотлар ва конференциялар доирасида ҳамкорликни амалга ошириш ва бир-бирига кўмаклашиш алоҳида қайд этилган ҳамда биргаликдаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида парламентлараро ҳамкорликнинг доимий амал қилувчи механизмини йўлга қўйиш кўрсатиб ўтилган.
Ушбу битим доирасида 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, қуйи палатанинг Тожикистон Республикаси Мажлиси намояндагон Мажлиси Оли билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ раиси У.Иноятов бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегациясининг Тожикистонга ташрифи бошланди.
Делегация икки мамлакат парламентларининг дўстлик ва ҳамкорлик бўйича гуруҳлари биринчи қўшма йиғилишида иштирок этади. Унда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида парламентларимиз фаоллигини ошириш, айниқса, сўнгги тўрт йил давомида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ва технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда эришилган келишув ва битимларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш каби масалалар кенг муҳокама қилинади.
Таъкидлаганимиздек, сўнгги йилларда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларини мустаҳкамлаш сари дадил қадамлар қўйилди. Ўзаро муносабатлар динамикаси мисли кўрилмаган даражага етди. Икки мамлакат раҳбарларининг қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келган.
Шундай шароитда биз депутатларнинг асосий вазифаси қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек-тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.
Қодир Жўраев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси