Ўзбекистон халқ артисти билан учрашув
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Адабиётшунос олимлар, институт раҳбарияти ва талабалар иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова “Ўткан кунлар” филмидаги Кумуш образини яратишдаги қийинчиликлар, фильм суратга олиш жараёнлари ҳақида эсда қоларли воқеаларни сўзлаб берди. Профессор Узоқ Жўрақулов ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий асарлари тили, услуби ва бадиияти ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Адиб “Ўткан кунлар” романи қаҳрамонлари орқали асл ўзбек миллати қиёфасини акс эттиргани таъкидланди. Тадбирни адабиётшунос олим Раҳимбой Жуманиёзов олиб борди.

–Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида ишланган бадиий фильмдаги Кумуш ролини ижро этиш осон кечмаган, – деди Гулчеҳра Жамилова. – Ушбу ролга даъвогар 600 нафар хотин-қиз орасидан мени танлаб олишган. Бу эса мени янада ҳаяжонлантирган. Ўзимга бўлган масъулият ошишига туртки бўлган.

Кино ва театр актрисаси Гулчеҳра Жамилова 1946 йилда Тошкентда туғилган, қатор роллари билан томошабин юрагидан жой эгаллаган. Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек“ драмасида Феруза, Иззат Султоннинг “Имон“ асаридаги Озода роллари орқали кишини ўйга толдирадиган жиддий ролларни акс эттирган бўлса, Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор“ асарида Зуҳра, Уйғуннинг “Парвона“ асаридаги Назокат, Саид Аҳмаднинг “Фармонбиби аразлади“ пьесасида Муҳайё образлари орқали киши кайфиятини кўтарадиган, юзига илиқ табассум қолдирадиган ролларни моҳирона ижро этган.
Бадиий кеча қизғин савол-жавобларга бой бўлди.