Ўзбек паловини африкалик билан бўлишган ҳарбий (ОНЛАЙН)
“Ҳарбий хизматчининг бир куни” лойиҳасининг бу сафарги қаҳрамони Ж.Қосимов ва у хизмат қилаётган ҳарбий қисм ҳақидаги лавҳамиз давом этади.
ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ БИР КУНИ...
“Ҳарбий хизматчининг бир куни” лойиҳасининг бу сафарги қаҳрамони Ж.Қосимов ва у хизмат қилаётган ҳарбий қисм ҳақидаги лавҳамиз давом этади.
Хабарингиз бор, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида Ахлоқий-руҳий таъминот концепцияси” ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳарбий хизматчиларнинг миллий ва жанговар руҳини юксалтириш мақсадида махсус-тактик машқлар билан бир маънавий ва маърифий ишлар ҳам олиб борилмоқда.
Ана шундай эътибор туфайли Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмда ҳам интеллектуал салоҳияти, ташаббускорлик ва ташкилотчилик қобилияти юқори, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, ҳарбий хизматни ҳаётининг мазмуни сифатида қарайдиган фидойи ҳарбий хизматчилар сафи кенгаймоқда.
Қаҳрамонимиз билан кутубхонада бир оз суҳбатлашдик. У ўтган йили “Шуҳрат ” медали билан тақдирланган.

Жамолиддин хизматда бўлгани учун синглисини никоҳ тўйида қатнаша олмагани, тўнғич фарзанди туғилганда кейин беш кун ўтиб кўришга боргани ҳақида сўзлаб берганда ҳарбий бўлишнинг ўзига яраша машаққатлари борлигига яна бир карра ишондик.
– Албатта, ўзига яраша қийин бўлади, – дейди Ж.Қосимов.–Бироқ, ҳеч қачон афсусланганим йўқ. Келажакни кўз олдимизга келтириб, махсус либос кийганмиз, кучли мутахассис бўлиш учун қасамёд қилганмиз. Аслида ҳам инсон ўз касбини севса, ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди.
Ишим ҳам яхши, оиламдан ҳам кўнглим тўқ. Диёрбек қўл жанги, Райҳона математика билан шуғулланмоқда. Муслима ва Мусобек боғчага боради. Турмуш ўртоғим Ферузахон Тошкент ҳарбий клиник госпиталида муолажа ҳамшираси.
Албатта, ушбу ҳарбий қисмда ҳам бошқа соҳаларда бўлгани каби устоз-шогирд анъанаси давом этмоқда. Ж.Қосимовнинг ҳамкасблари орасида кўплаб шогирдлари бор.
– Ўз фаолиятимни бошлаган кезларим Жамолиддин акадан маслаҳатлар сўраб турардим, –дейди ҳарбий хизматчи Сирожиддин Қобилов. – Жонкуяр, меҳрибон ва билимли инсон. Ёш-у, қарига бир хилда самимий муносабатда бўлади. Яқинда Россияда ўтказилган Халқаро умумармия ўйинларида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Ҳам инсон, ҳам ҳарбий сифатида ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Юртимиз байроғини янада юқорига кўтаришда кейинги сафар биз ҳам қамарбаста бўлиб, устозим ёнида турамиз.
Ҳарбий бўлмаганингизда, қайси соҳани танлаган бўлардингиз, деб қайта-қайта сўраганимизда, қаҳрамонимиз жилмайиб, ошпаз бўлардим деди.
Ҳамкасбларини айтишича, Россияда ўтказилган мусобақадан кейин Жамолиддин ўн ортиқ давлатдан келганларни ўзбек палови билан меҳмон қилган. 20 килограмм паловдан урвоқ ҳам қолмагани боис энг сўнгги қисмини ҳабаш аскар билан бўлишган экан.
Ҳарбийлар ҳаётига тегишли яна кўплаб маълумотлар, янгиликлар билан таништиришда давом этамиз. Сайтимизни кузатиб боринг.