Зайтун испанлар учун суюқ олтин
Лойиҳа Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан амалга оширилди.
Ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари ходимлари ва манфаатдор давлат идоралари матбуот хизматлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари учун UzWaterAware сув бўйича хабардорликни ошириш лойиҳаси доирасида 22-29 феврал кунлари Испанияга стади-тур ташкил қилинди.
Мазкур тадбир Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан амалга оширилди.
Илк бор Мадрид шаҳрига ташриф буюргандан бизга сезилгани об-ҳавонинг илиқлиги бўлди. Атроф ям-яшил. Баъзи одамлар калта шим ва кўйлакларда юрибти. Қуёш осмонда чарақлаб турибти. Испанияга баҳор аллақачон келиб бўлган экан. Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кундузи 8-10 даражани кўрсатиб турган бир пайтда Мадридда бу кўрсаткич 20-22 даража.
Мадрид ташқаридан кириб келганда дастлаб оддий шаҳарга ўхшайди-ю, аммо, шаҳар марказида тарихий гўзал архитектуравий кўп қаватли биноларни кўриб лол қоласиз. Шаҳар ўзига яраша саранжом-саришта.
Меҳмонхонага нарсаларимизни қўйиб шаҳар айланишга чиқдик. Шаҳарни кўздан кечирар эканмиз, кўп қаватли уйларга ёнма-ён ўсиб турган дарахтлар диққатимни тортди.
Мадридлик қурувчилар дарахтларга зиён етказмасдан уйларни қурган. Бўлар экан-ку, деб ўйладим. Ҳаттоки умрини ўтаб бўлган дарахтлар ҳам кесилмасдан турибти. Аксинча, улар безатилиб, шаҳар кўчаларига чирой қўшмоқда.
8 кунлик ўқув-сайёҳатимиз давомида шу нарсага гувоҳ бўлдикки, Испаниянинг биз борган бошқа шаҳарларида ҳам кўчаларда барча турдаги дарахтларни кўриш мумкин, аммо асосан иқлимга мос сояли дарахтлар экилган. Бу ёқда йилнинг 320 кунида қуёш чарақлаб туриши ҳисобга олиниб, айнан сояли дарахтлар экилишида мантиқ борлигини англаш қийин эмас.
Испанияда шундай сояли дарахтлар остидаги яшил майсазорлар асосан одамларнинг ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади. Ҳар куни минглаб одамлар дам олиб кетадиган ушбу майзазорлар орасидан биронта чиқинди тополмайсиз. Ҳар қадамда чиқинди ташлаш контейнерлари ўрнатилган.

Испания жанубида Ўрта ер денгизига яқин жойлашган Андалусия автоном жамиятига кирувчи провинциялар табиати Ўзбекистонга жуда ўхшаш., Иқлими қуруқ ва анча иссиқ. Ушбу юртда сафаримиз давомида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси биз ўйлагандан кўра анча ривожланиб кетганлигига амин бўлдик. Андалусия бўйлаб ташкил қилинган сайёр тадбирларда далалару шаҳарларда фақат яшил қопламадан кўзимиз узилмади. Ҳаттоки, тоғларнинг тепасигача инсон қўллари етиб бориб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (асосан зайтун) етиштирилмоқда. Зайтун дарахтлари томчилатиб суғориш орқали ўстирилмоқда.
Испания ана шундай томчилатиб суғориш усули орқали зайтун экспорти бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Бутун дунёда етиштириладиган зайтуннинг қарийб 45 фоизи ушбу мамлакатда етиштирилади.
Зайтунни испанлар суюқ олтин дейишади. «Олива» ёки «асейтуна» деб номланувчи ушбу ўсимлик давлатнинг асосий бойлигидир. Ер остида табиий бойликлар кам. Масалан, нефтни Жанубий Африка, Мексика ва Саудия Арабистонидан сотиб олади. Лекин, испан заминида ҳам нефть конлари мавжуд экан. Масалан, Канар, Балеар оролларида мўл нефть конлари топилган. Аммо, уларни оладиган бўлса, табиатга катта зиён етказилиши, яъни кўплаб дарахтлар кесилиши ҳамда сайёҳларга ноқўлайлик туғдириши мумкинлиги ҳисобга олиниб, табиий захираларга ҳозирга қадар қўл теккизилмаган ва унга шошилмаябти ҳам. Испанча «olea» (зайтун) ва инглисча «oil» (нефть) сўзлари битта сўздан келиб чиққанлиги ҳам эътиборга сазовор.
Зайтун экиш орқали испанлар анча муваффақиятга эришган. Энг аввало, экологик тозаликка, табиатни сақлаб қолишга ва иқтисодий барқарорликка. Испания қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бутун Европани таъминлайди. Дунёдаги энг юқори навли мева, овощ ва полиз экинлари айнан ушбу давлатнинг суғориладиган ерларида етиштирилади.
Суғориладиган ерлар миқдори бўйича Испания Европада етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, асосий экин – буғдой. Ундан ташқари, жавдар, сули, маккажўхори, арпа, дуккаклилар, картошка, қанд лавлаги, пахта, тамаки, шакар қамиши, сабзавотлар етиштирилади. Катта майдонлар узумзорлар билан банд, испания виноларининг машҳур навлари ишлаб чиқарилади.
Испания қуёшли давлат, йилнинг 320 кунида қуёш чарақлаб туради, дедик. Айнан шу томони сайёҳлар учун жуда манзур. Шунинг учун Испания туризм соҳаси бўйича дунёда биринчилар қаторида туради. Аҳоли сони 46,7 миллион бўлса, 2018 йилда давлатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони қарийб 90 миллионни ташкил қилган.
Лекин, қуёшли улка сайёҳлар учун маъқул бўлгани билан фермерлар учун анча ноқўлайлик туғдиради. Ёзда тез-тез қурғоқчилик бўлиб туради. Аммо, испан фермерлари сувни оқилона бошқариш ва фойдаланиш эвазига бу муаммони осонгина енгишади. Альмерия провициясида ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб қурилган иссиқхоналар бугунги кунда катта ҳажмдаги майдонни эгаллаб, мамлакат хазинасига миллиардлаб доллар маблағ келтирмоқда. Энг асосийси ташландиқ ерлар ҳақиқий жаннатмакон жойга айланган. Альмерия иссиқхоналари тўғрисида келгуси мақолаларимизда батафсил ҳикоя қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Испанияга стади-тур UzWaterAware сув бўйича хабардорликни ошириш лойиҳаси доирасида журналистлар ва манфаатдор давлат идоралари матбуот хизматлари иштирокида ташкил этилди. Лойиҳа Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан амалга оширилди.
Лойиҳанинг миллий ҳамкори: Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги.Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган сайёр тадбирнинг асосий мақсади Испания қишлоқ хўжалигида сувни тежаш амалиёти ва технологиялари билан танишиш, шунингдек Испания оммавий ахборот воситалари, ННТ ва давлат идораларининг қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш ғояларини тарғиб қилишдан иборат.