“Зарубежнефть” делегацияси Бухоро НҚИЗда
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Зарубежнефть” делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Танишув давомида меҳмонларга корхонанинг асосий технологик объектлари кўрсатилди. Завод қурилмаларини бошқариш жараёнлари таништирилди. Меҳмонларга бир жойдан бир вақтнинг ўзида бир нечта технологик жараёнларни амалга ошириш имконини берувчи марказий бошқарув пульти намойиш этилди.

“Зарубежнефть” вакилларига корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бугунги кунда корхонада 9 турдаги, жумладан, 22 дан ортиқ маркадаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Меҳмонлар маҳсулотнинг ҳар бир партияси якуний истеъмолчига етиб боришигача бўлган иш босқичлари билан танишди. Делегация аъзолари қуйиш-тўкиш эстокадаси жойлашган ҳудудда ҳам бўлди. Завод ходимлари учун сут маҳсулотлари тарқатиш пункти, жисмоний соғломлаштириш мажмуаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

“Зарубежнефть” делегациясининг ишчи ташрифи дўстона ва самимий руҳда ўтди. Меҳмонлар самарали ва мазмунли тақдимот учун корхона раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун: “Зарубежнефть” – Россиянинг нефть ва газ компанияси. Россия ва хориждаги нефть ва газ конларини ўзлаштириш, углеводород ресурсларини самарали ва комплекс ишлаб чиқаришни таъминлашга ихтисослашган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири