Заргарлик буюмлари учун рақамли паспорт жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик буюмлари айланмасини янада шаффофлаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги тизим жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарорининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳасига мувофиқ, мамлакатда заргарлик буюмларини босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш таклиф этилмоқда.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, янги тизимнинг асосий мақсади заргарлик буюмларининг ишлаб чиқарилишидан тортиб, истеъмолчига етгунга қадар бўлган ҳаракатини тўлиқ рақамли кузатиб бориш, ҳисоб ва назоратни кучайтириш, ноқонуний савдо ҳамда қалбаки маҳсулотлар айланмасини чеклашдан иборат.
Мутахассисларнинг фикрича, рақамли маркировкалаш тизими нафақат бозорда шаффофликни таъминлайди, балки ҳалол тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Лойиҳага мувофиқ, дастлаб тажриба-синов босқичи 2027 йил 30 декабрга қадар амалга оширилади. Шу даврда тизимнинг техник ва ташкилий жиҳатлари синовдан ўтказилади.
Шундан сўнг, 2028 йил 1 июлга қадар мажбурий маркировкалаш тартибини белгилайдиган алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган. 2029 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун рақамли маркировкалаш мажбурий бўлиши таклиф этилмоқда. 2029 йил 1 апрелдан мазкур талаб чакана савдо субъектларига ҳам татбиқ этилади.
Лойиҳада рақамли маркировкалаш оператори сифатида «Asl belgisi» миллий ахборот тизими белгиланган. Унинг оператори — «CRPT TURON» МЧЖ ҳисобланади.
Маркировкаланган ҳар бир заргарлик буюми ёки унинг биркасига GS1 DataMatrix форматидаги икки ўлчамли махсус штрих-код жойлаштирилади. Ушбу код орқали маҳсулотнинг ишлаб чиқарилган вақти, ишлаб чиқарувчиси, импорт қилиниши, сотувга чиқарилиши ва бошқа маълумотлар ягона ахборот тизимида қайд этилади.
Истеъмолчилар эса «Asl belgisi» ҳамда «Soliq» мобил иловалари орқали маҳсулотнинг ҳақиқийлигини текшириш, унинг келиб чиқиши ҳақида маълумот олиш ҳамда шубҳали ҳолатлар юзасидан мурожаат юбориш имкониятига эга бўлади.
Тажриба-синов босқичида «Gold Moon Tashkent», «Sofizar», «Merrit Jewellery» ва «Termez Gold Production» корхоналари иштирок этади. Уларга маркировка кодлари бепул тақдим этилади. Бироқ маркировкалаш учун зарур бўлган ускуналар ва дастурий таъминотни ўз маблағлари ҳисобидан харид қилишлари белгиланган. Шунингдек, тажриба даврида маркировкалаш талабларини бузган иштирокчиларга ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланмаслиги таклиф этилган.
Маълумки, Ўзбекистонда маҳсулотларни рақамли маркировкалаш тизими 2019 йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилмоқда. Илк босқичда тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, кейинчалик дори воситалари, маиший техника ва бошқа товарлар ушбу тизимга киритилди.
Қайд этилишича, заргарлик буюмларининг ҳам рақамли маркировкаланиши соҳада шаффофликни ошириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ тушумларини кўпайтириш ҳамда истеъмолчиларни қалбаки маҳсулотлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мазкур ташаббус заргарлик бозорида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, маҳсулотларнинг келиб чиқишини тўлиқ кузатиш ва соҳада замонавий назорат механизмларини жорий этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Айни пайтда қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, муҳокама 21 июлга қадар давом этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА