Ўзбекистон-Озарбайжон: ёқилғи инфратузилмаси ривожлантирилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Озарбайжоннинг “SOCAR” компанияси ўртасида мамлакатимизда замонавий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик битими имзоланди.
Жамият ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳужжат икки компания ўртасида ёқилғи инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.
Битим доирасида юртимиз ҳудудида замонавий АЁҚШлар тармоғини барпо этиш имкониятларини биргаликда ўрганиш ва баҳолаш, истиқболли ҳудудлар ҳамда объектларни аниқлаш, шунингдек, лойиҳаларни амалга оширишнинг самарали бизнес моделлари ва амалий механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Томонлар мазкур ҳамкорлик туфайли ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, илғор тажриба ва замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда мамлакатда ёқилғи инфратузилмасини ривожлантириш учун янги имкониятларни ўрганишни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳамкорлик битими Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлараро IV форуми доирасида имзоланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА