Зангиотада 30 миллион долларлик завод қурилади
Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда асосий вазифалардан бири – маҳсулот сифати, дизайни ва рақобатбардошлигини ошириш.
Мамлакатимизда керамик плита, базальт қоплама, қурилиш ойнаси ва газоблок каби 161 турдаги маҳсулот бўйича ички талабни қоплашга етарли қувватлар мавжуд. Шунга қарамай, сифат ва бренд билан боғлиқ камчиликлар сабаб йиллик импорт 780 миллион долларни ташкил этмоқда.
Масалан, керамик плита ишлаб чиқариш қуввати ички талабдан уч карра юқори, бироқ йирик ўлчамли плиталар импортига ҳар йили 25 миллион доллар сарфланмоқда. Лок-бўёқ, гулқоғоз ва энергия тежамкор ойна каби саккиз турдаги тайёр маҳсулот импорти эса 280 миллион долларга етган.
Ушбу йўналишда Туркиянинг “Betek” компанияси билан Зангиота туманида 30 миллион долларлик лок-бўёқ заводи қурилиши бошланаётгани маълум қилинди. Давлатимиз раҳбари ҳокимлардан истеъмолчилар талаби ва халқаро брендлар имкониятини чуқур ўрганиб, янги лойиҳаларни илгари суришни талаб қилди.
ЎзА