Қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби жорий этилади
Қурилиш таннархини пасайтириш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Таҳлилларга кўра, Жиззах, Навоий ва Хоразмда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бир квадрат метри таннархи 3,5 миллион сўмдан кам, Бухоро ва Сурхондарёда эса 5 миллион сўмдан юқори. Айрим ҳудудларда маъмурий бинолар қурилиши қиймати ҳам бир-биридан 1,5-2 баробар фарқ қилмоқда.
Бундай тафовутларга ортиқча воситачилар, лойиҳа ва сметаларнинг қурилиш давомида қайта-қайта ўзгартирилиши сабаб бўлаётгани таъкидланди.
Келаси йилдан бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби жорий этилади. Давлат харидлари порталида маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари учун алоҳида савдо майдончаси ташкил қилиниб, уларга йилига 15-20 триллион сўмлик бозор очилади.
Ушбу тартибни стратегик корхоналар ва давлат кафолати остидаги лойиҳаларга ҳам татбиқ этиш вазифаси қўйилди. Қурилиш таннархи, маҳаллий маҳсулотлар улуши ва энергия самарадорлиги юзасидан қатъий назорат ўрнатилади.
ЎзА