Зангезур йўлаги Нахчивонни Евросиё стратегик марказига айлантириши мумкин
Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги хабарида Нахчивон Кавказ, Туркия, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги муҳим транспорт марказига айланиши мумкинлиги таъкидланган.
Озарбайжоннинг асосий қисми ва Нахчивон ўртасида Арманистон орқали қуруқлик алоқасини таъминлайдиган Зангезур йўлаги эса айни жараёнда муҳим ўрин эгаллаши кутилмоқда.
Ушбу йўналиш темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришни назарда тутувчи TRIPP лойиҳасининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Арманистон ҳудудида 42 км темир йўл ётқизилиши режалаштирилган, Нахчивонда эса 194 км йўл такомиллаштирилади ва янгидан қурилади. Озарбайжон мазкур мухтор ҳудуд орқали темир йўли ташуви қувватини йилига 1,5 миллион тоннадан 15 миллион тоннага кўтариш ниятида.
Туркия учун бу йўналиш Ўрта йўлакдаги қўшимча бўғин сифатида стратегик аҳамият касб этади. Барпо этилаётган Карс – Иғдир – Оралиқ – Дилужу темир йўли Нахчивонни Туркия темир йўл тармоғига боғлайди.
Хуллас, Зангезур йўлаги транспорт, энергетика ва рақамли коммуникацияни уйғунлаштириб, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди. Ўрта йўлак барқарорлигини оширади, Жанубий Кавказда иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик учун янги шароит яратади.
С.Раҳимов, ЎзА