Белгиядаги “аср ёнғини” жиловланди
Белгия шарқидаги Хай-Фенс қўриқхонасида бир ҳафтадан бери давом этган йирик ёнғин тўлиқ назоратга олинди. Мамлакат тарихида сўнгги бир асрдаги энг катта ёнғинлардан бири бўлган ҳодиса ботқоқликлар, қарағайзорлар ва сайёҳлик йўлакларининг катта қисмини вайрон қилган. Расмийлар ҳозирча аланганинг қайта кучайиш хавфи сақланиб қолаётганини билдирмоқда.
Оловни жиловлаш ишларида 350 нафарга яқин ўт ўчирувчи ва қутқарувчи иштирок этмоқда. Германия, Норвегия, Белгия ва Швециядан жалб қилинган 7 та самолёт ёнғин ҳудудига сув сепишда, фермерлар эса махсус техникаси билан қутқарув ишларига ёрдам берган. Кучли шамол ва мураккаб ботқоқли ҳудуд операцияни янада қийинлаштирган, ҳатто яқин атрофдаги шаҳарчалардан бирида кичик торнадо ҳам кузатилган.
Аланга сабаби ҳозирча аниқланмаган. Мутахассислар ҳудуддаги юқори ҳарорат ва қуруқ шароит ёнғиннинг тез тарқалишига қулай муҳит яратганини таъкидламоқда. Расмийлар оловни тўлиқ ўчириш учун ҳудудни ҳафталар, ҳатто ойлар давомида намлаб туриш талаб этилишини айтган.
Вазият барқарорлашгач, чегара ҳудудидаги эвакуация чоралари бекор қилинди ва аҳолига уйларига қайтишига рухсат берилди. Европанинг бир қатор мамлакатларида эса иссиқ ва қуруқ об-ҳаво сабабли йирик ёнғинлар давом этмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА