“Замондош” қайта таъмирланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳар бир шаҳар ва туманда кинозал, кутубхона, турли тўгаракларни ўзида жамлаган маданият марказини барпо этиш, ҳудудларда маданий тадбирларни мунтазам ташкиллаштириш ва ёшларни санъатга жалб қилиш бўйича қатор тавсия ва топшириқлар берилган эди.
Бу борада Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли чора-тадбир ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Бухоро шаҳри “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритиб келган 4-сонли “Замондош” маданият маркази маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қайта таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилгани фикримиз далилидир.

Марказда икки мингтадан зиёд китоб фонди мавжуд. Шунингдек, кутубхона, ўсмирлар ва болалар учун кинофильм ва мультфильмлар намойиш этиладиган кинозал, миллий каштачилик, анъанавий қўшиқчилик ва мақом ижроси, тасвирий санъат ва расм, чолғу ижрочилиги ва мусиқа назарияси, дуторчилар ва зарб доирачилар тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Маданият марказини фойдаланишга топшириш тадбирида Маданият вазирининг ўринбосари Юсуфжон Усмонов, вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Ибрагимов, шунингдек, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар мазкур маданият маскани ҳудуд аҳолиси, жумладан, ёшлар ўртасида маданият ва санъатни кенг тарғиб этиш, истеъдодли йигит-қизларни тарбиялаб етиштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.