Наманганда "Маърифат ҳафталиги"
Айни кунларда Наманганда “Ўзбекистон ўз-ўзимизники!” шиори остида "Маърифат ҳафталиги" ўтказилмоқда. Унда олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар маҳалла аҳли, талаба-ёшлар ҳамда маҳаллий ижодкорлар билан учрашмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳафталик дастуридан “Маҳалла билан юзма-юз”, “Уйғоқ идрок”, “Маърифат улашиб”, “Яхшилик карвони”, “Истеъдодлар давраси”, “Илм – келажак калити”, “Китоб – кўприк”, “Гулхан атрофида” каби лойиҳалар ўрин олган.
Шунингдек, янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик, китобхонлик ва ахборот маданиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилган учрашувлар ҳам ўтказилмоқда.

«Маҳаллада маърифат» йўналишида Чуст туманидаги Янги Ўзбекистон массивининг Гулзор маҳалласида «Маҳалла билан юзма-юз» учрашуви ташкил этилди. Мулоқотда аҳолини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий масалалар муҳокама қилинди. Одамларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Вилоятда ўз ўрнига эга бўлган йирик саноат корхоналаридан бири – “Chust textile” масъулияти чекланган жамиятида “Оила – муқаддас даргоҳ” лойиҳаси доирасида ўтказилган суҳбатда фарзанд тарбияси, оилавий қадриятлар ва ёш оилаларда низоларнинг олдини олиш ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди.
Косонсой туманидаги ихтисослаштирилган мактабда “Конституция – инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Тошкент давлат юридик университети доценти, ҳуқуқшунос олима Феруза Лутфуллаева қатнашиб, ўқувчилар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борди. Суҳбат давомида Бош қомусимизнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни, унда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, ёшларнинг таълим олиш, ўз қобилиятларини рўёбга чиқариш ҳамда жамият тараққиётида фаол иштирок этиш имкониятлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Шунингдек, Асосий қонунда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларни билиш, қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳамда фуқаролик масъулиятини ҳис этишнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Тадбир давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, ҳуқуқий масалалар юзасидан мутахассисдан батафсил жавоблар олди. Бу эса эртамиз эгаларининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, Конституция нормаларининг кундалик ҳаётдаги аҳамиятини чуқурроқ англашига хизмат қилди.

Зеро, Конституцияни билиш ўз ҳуқуқларини англаш, бурч ва мажбуриятларни теран ҳис этиш, қонун устуворлигини қадрлаш демакдир. Бундай учрашувлар ёш авлодни ҳуқуқий саводхон, фаол ва масъулиятли фуқаро этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳафталик иштирокчилари “Зиёрат одоби” лойиҳаси доирасида Косонсой туманидаги Саййид Жалолиддин Косоний зиёратгоҳида бўлишди.
Ташриф давомида зиёратгоҳ тарихи, унинг маънавий аҳамияти, бу масканда абадий қўним топган улуғ зотлар ҳаёти ва илмий-маърифий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди. Иштирокчилар аждодлар хотирасини эъзозлаш, зиёрат масканларида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, тарихий қадамжоларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш борасида фикр алмашди.

– Саййид Жалолиддин Косоний номи билан боғлиқ ушбу зиёратгоҳ Косонсойнинг қадимий тарихи ва бой маънавий меросини ўзида мужассам этган муқаддас масканлардан биридир. Тарихий манбаларда Маҳдуми Аъзам Косонийнинг отаси Саййид Жалолиддин Косоний ҳам илмли, эътиборли ва ҳурматга сазовор зотлардан бўлгани қайд этилади, – дейди “Маърифат” тарғиботчилар жамияти масъул ходими Дилобар Маматова. – Ушбу зиёратгоҳ ҳудудида тарихан мақбара ва масжид мажмуаси шаклланган бўлиб, у Косонсойнинг диний-маърифий ҳаётида муҳим ўрин тутган.
Буюк алломанинг ҳаёти ва фаолияти Косонсой заминининг илм-маърифат тарихидаги юксак ўрнини намоён этади.

Бинобарин, “Зиёрат одоби” лойиҳасидан мақсад ёшлар ва кенг жамоатчилик орасида зиёрат маданиятини юксалтириш, тарихий қадамжоларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром, одоб ва маънавият тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, юртимизнинг бой тарихий-маънавий меросини кенг тарғиб этишдир.
Умуман олганда, “Маърифат ҳафталиги”нинг ҳудудларда кенг қамровда ташкил этилиши аҳоли, айниқса, ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда маърифат ва эзгулик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири