Замонавий ёндашув, тажриба ва амалиёт
Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси вакилларидан иборат делегация юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Хорижлик меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясига ташриф буюрди.
Томонларнинг тор доирадаги учрашувида кун тартибидаги асосий масала – таълим соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш ва манфаатли алоқаларнинг бошқа долзарб йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов Ўзбекистон ва Беларусь Республикаларининг ҳамкорлиги кўплаб соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди.
– Таълим самарадорлигига эришиш борасида муҳим қадамларни ташладик. Жорий йилнинг март ойида Минск шаҳрида ўтказилган учрашувлар чоғида илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан истиқболли келишувларга эришилган эди. Бугунги мулоқотимиз ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг муҳим жиҳатларига қаратилгани билан янада долзарб аҳамият касб этади, – деди Р.Хатамов.
Таъкидлаб ўтилганидек, таълим соҳасидаги тажриба алмашинуви таълимга инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этиш, жиноятчиликка қарши курашишнинг илғор методларини ўрганиш, умуман, ички ишлар органлари учун етук салоҳиятли кадрлар тайёрлашга йўл очади. Бугун киберолам билан боғлиқ турли хатарлар, одам савдоси, терроризм, радикализм сингари жиноятлар глобал хавф туғдирмоқда. Замонавий таҳдидларнинг тобора кучайиб бораётгани эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини профессионал мутахассислар билан таъминлашни тақозо этади.
– Ҳамкорлик меморандуми асосида ташкил этилаётган мастер-класс машғулотлари ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлмоқда, – деди Беларусь Республикаси ИИВ академияси бошлиғининг ўринбосари, милиция полковниги Павел Гридюшко. – Муҳими, тажриба алмашинувини янада равнақ топтиришда интилиш ва мақсадимиз муштарак. Бугунги ташрифдан Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси фаолиятини яқиндан ўрганишни мақсад қилганмиз.
Мулоқот давомида ўзаро алмашув (паритет) асосида Беларусь ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиялари курсантлари учун бир ойлик ўқув-семинар машғулотларини ташкил этиш, долзарб мавзуларда икки томонлама мастер-класс машғулотларини ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясида криминалистик лабораториялар ташкил этиб, криминалистик экспертизаларни ўтказиш бўйича ўқитиш методикаларини яратиш, профессор-ўқитувчиларимиз учун Беларусь Республикаси ИИВ академиясида ўн кунлик педагогик маҳорат ошириш курсларини ташкил этиш, курсантларни кибержиноятчиликка қарши курашиш ва ушбу турдаги жиноятларни тергов қилиш дастурлари бўйича ўқитиш, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда масофавий илмий конференциялар, семинар-тренинг машғулотларини тизимли ташкил этиш, Беларусь Республикаси олий таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчиларини Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси ўқув жараёнига узоқ муддатли жалб этиш борасида фикр алмашилди. Томонлар ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини келишиб олдилар.
Шундан сўнг делегация аъзолари Ички ишлар вазирлиги академиясининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ўқув жараёнини мониторинг қилиш марказининг замонавий имкониятлари меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Павел Гридюшко криминология фанидан маъруза машғулотини тажриба тариқасида кузатиб, таълим сифатини инновацион методлар ёрдамида ривожлантиришга қаратилган ёндашувларга юқори баҳо берди. Шунингдек, Ахборот-ресурс маркази, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг илмий тадқиқот фаолиятини олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар, касбий ва жанговар-жисмоний машғулотлар, Академия тарихи музейи беларуслик мутахассисларда ёрқин таассурот қолдирди.
Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун махсус жиҳозланган автобусларни кўздан кечирди. Сайёр синфхона ҳамда криминалистик экспертизаларни ўтказишга мўлжалланган мазкур автотранспорт воситалари зарур жиҳозлар ва инновацион технологиялар билан таъминланган. Бу эса курсантларнинг жиноий ҳодиса содир бўлган жойда амалиёт ходимлари билан ҳамкорликда касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Таълим жараёнига татбиқ этилган бу ёндашув хорижлик меҳмонлар учун янгилик бўлди.
Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари учун ташкил этилган мастер-класс машғулотида Беларусь Республикаси ИИВ академияси бошлиғининг ўринбосари Павел Гридюшко ҳамда Жиноятларни тергов қилиш кафедраси бошлиғи, милиция подполковниги Татьяна Щерба терговчи фаолиятини ташкил этиш, банк-тўлов карточкалари ёрдамида талон-торож қилиш жиноятини тергов қилиш методикалари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, ташриф доирасида Беларусь Республикаси ИИВ академияси вакиллари пойтахтимиздаги Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб интернати, Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Бош прокуратура академиясида бўлиб, мастер класс машғулотларини ўтказадилар.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати ходими