Замонавий ускуналар – ишлаб чиқариш ривожига хизмат қилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги Чордара маҳалласида жойлашган “Сафарбой махсим” оилавий корхонасида матрас ва мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
2021 йилда фаолият бошлаган корхонада бугунги кунда ўн нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб ортиб бораётгани корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва янги буюртмаларни қабул қилиш имконини бермоқда.
Тадбиркор Нодирбек Сафарниёзов дастлаб мебель жиҳозлари учун зарур буюмлар савдоси билан шуғулланган. Кейинчалик ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилиб, фаолиятини босқичма-босқич кенгайтирди. Хусусан, 2023 йилда Германия ва Хитойдан матрас тўқишга мўлжалланган замонавий ускуналар келтирилиб, ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилди.
Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятлари кенгайиб, бозор талабига мос, сифатли ва харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу эса буюртмалар ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда.
[gallery-32183]
Мазкур оилавий корхона фаолияти маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги амалий ишларга мисол бўла олади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА