Замонавий тиббиёт сари янги қадам
Инсон саломатлиги — жамият тараққиёти ва миллат келажагини белгилайдиган энг муҳим қадриятдир. Шу боис Янги Ўзбекистонда аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида тиббий хизматлар сифати мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш, аҳоли учун замонавий ташхис ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, рақамли тиббиёт тизимини жорий этиш, тиббиёт муассасаларини юқори технологияли жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда малакали кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижросини таъминлаш доирасида Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Олот тумани тиббиёт бирлашмасида вилоят кўргазмали семинари ташкил этилди.

Мазкур нуфузли тадбирда вилоятнинг барча 11 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бош ҳамширалар, координаторлар ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассислари иштирок этдилар. Семинар тиббиёт тизимида эришилаётган амалий натижаларни таҳлил қилиш, илғор бошқарув тажрибаларини оммалаштириш ва замонавий ёндашувларни кенг татбиқ этиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Олот тумани тиббиёт бирлашмасида кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва модернизация ишлари билан танишдилар. Муассасанинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2 миллиард 200 миллион сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилиниб, амалиётга жорий этилгани алоҳида эътироф этилди. Бу эса беморларга тезкор ва аниқ ташхис қўйиш, даволаш сифатини янада ошириш ҳамда тиббиёт ходимлари меҳнатини енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, “Очиқ бюджет” лойиҳасида ғолиблик қўлга киритилиши натижасида муассасанинг ташқи фасад қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий архитектура ва санитария талаблари асосида мутлақо янгича қиёфа касб этди. Муассаса ҳудудида амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, беморлар ҳамда тиббиёт ходимлари учун яратилган барча қулайликлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Семинарнинг энг муҳим йўналишларидан бири тиббиёт соҳасини рақамлаштириш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар янги ташкил этилган Ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, унинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот олдилар. Марказ орқали бирламчи тиббий-профилактика муассасалари фаолиятини масофадан туриб таҳлил қилиш, хизмат сифатини мониторинг қилиш, электрон маълумотлар базасини юритиш ҳамда бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш имкониятлари яратилгани таъкидланди.
Мутахассислар томонидан ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш, электрон тиббий ҳужжат айланмасини такомиллаштириш, рақамли тиббиётда учраётган айрим муаммоларни бартараф этиш, сунъий интеллект ва замонавий рақамли ечимларни босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

Семинар давомида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, касалликларни эрта аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш, бирламчи тиббий бўғин фаолиятини такомиллаштириш ҳамда тиббиёт муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари Олот туманида йўлга қўйилган самарали иш тажрибаларини бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича муҳим тавсиялар олди.
Семинар якунида иштирокчилар Олот туманида соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, инфратузилмани янгилаш, рақамли бошқарувни йўлга қўйиш ва аҳоли учун қулай тиббий муҳит яратиш борасида эришилган натижаларни юқори баҳоладилар. Илғор тажрибаларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг оммалаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш ва рақамли тиббиётни жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Олот туманида ташкил этилган мазкур кўргазмали семинар эса ушбу эзгу ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб, илғор тажрибаларни оммалаштириш, соҳада инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ва ҳар бир фуқарога сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, соғлом инсон — қудратли давлат, фаровон жамият ва ёруғ келажакнинг энг мустаҳкам пойдеворидир.
Зариф Комилов, ЎзА