Ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди
Гулистон туманида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш ва меҳнат бозоридаги имкониятлардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Сойибобод маҳалласида жойлашган 2-сон техникум (собиқ Агротехнологиялар коллежи) биносида ўтказилган тадбирда иш излаётган ёшлар, иш берувчи корхоналар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Меҳнат ярмаркаси Гулистон тумани ҳокимлиги, Сирдарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси, Миграция агентлиги ҳамда туман бандлик бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир давомида ёшларга мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилиб, ишга жойлашиш имкониятлари, касб-ҳунар ўрганиш, электрон платформалардан самарали фойдаланиш ҳамда қонуний ташқи меҳнат миграцияси йўналишлари бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга “Осониш” ва “Менинг ишим” электрон платформалари орқали бўш иш ўринларини излаш, резюме жойлаштириш ва ўз малакасига мос иш топиш имкониятлари ҳақида амалий тавсиялар берилди.

Ярмаркада вилоят ва туман ҳудудида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар томонидан 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди. Бу эса ёшларга ўз қизиқиши ва касбий кўникмаларига мос иш топиш учун кенг имконият яратди.
Тадбир якунига кўра, 6 нафар ишсиз ёшга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди, 25 нафар фуқаронинг резюмеси “Осониш” электрон платформасига жойлаштирилди. Шунингдек, 10 нафар иштирокчига касб-ҳунар ўқиши учун бепул ваучерлар топширилди.

Умуман, меҳнат ярмаркасида иштирок этган 65 нафар ёш ишга жойлашиш, касб эгаллаш ва келгуси фаолиятини белгилаш бўйича зарур маълумот ҳамда амалий кўмакка эга бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА