Замонавий таълим олдидаги энг долзарб савол: Сунъий интеллект ўқитувчининг ўрнини эгаллайдими?
Сунъий интеллект (AI) кундан-кунга шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, таълим тизими қандай ўзгаради ва бу ўзгаришлар ким учун фойдали, деган савол бугунги кун зиёлиларини чуқур ўйлантирмоқда. Тасаввур қилинг: талаба уйида ўтириб, бир неча сония ичида мураккаб мавзуни тушуниб олади, иншо ёзади ёки чет тилида мукаммал матн яратади. Бунинг учун эса унга фақатгина интернет ва сунъий интеллект дастури керак бўлади. Шундай экан, табиий савол туғилади: бугунги рақамли асрда анъанавий ўқитувчига эҳтиёж қолдими?
угунги кунда сунъий интеллект таълим тизимига жуда фаол кириб келмоқда. Замонавий талабалар ChatGPT, Grammarly, Google Translate каби замонавий рақамли vositalardan фойдаланиб, ўқиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштирмоқда. Бу эса билим олишни тезроқ ва қулайроқ қилишга хизмат қиляпти. Масалан, инглиз тилини ўрганаётган талаба илгари сўзларнинг таржимасини луғатдан узоқ қидирган бўлса, бугун у сунъий интеллект ёрдамида нафақат таржимани, балки сўзнинг контекстда ишлатилишини, синонимларини ва ҳатто бутун бир гапни қандай тўғри тузишни ҳам тез фурсатда ўрганади. Бу эса ўқиш самарадорлигини сезиларли даражада оширмоқда.
Ёки бошқа бир ҳолатни олиб кўрайлик. Талаба мураккаб иқтисодий мавзуни тушунишда қийналяпти. Авваллари у ўқитувчининг қабулига бориши ёки кутубхонадан кунлаб китоб излашга мажбур эди. Ҳозир эса у сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб, мураккаб теорема ёки формуланинг энг содда тушунтиришини бир неча сония ичида олиши мумкин. Аммо бу ерда бошқа бир муҳим масала пайдо бўлади: бундай тайёр қулайлик талабанинг ҳақиқий ўрганиш жараёнида изланиш қобилиятига ижобий таъсир қиладими ёки аксинча, уни сустлаштирадими?
Ҳақиқат шундаки, сунъий интеллект катта имкониятлар билан бир қаторда муайян хавф-хатарларни ҳам олиб келмоқда. Агар талаба ушбу тизимлардан фақат тайёр жавоб олиш ёки кўчириш учунгина фойдаланса, унда мустақил фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилияти йўқолиши ҳеч гап эмас. Масалан, айрим талабалар эссе ва мустақил ишларни ёзишда сунъий интеллектга тўлиқ суяниб қолмоқда, натижада уларда шахсий фикрни шакллантириш ва уни баён этиш кўникмаси ривожланмай қоляпти. Шу сабабли таълим жараёнида сунъий интеллектдан қандай ва қайси меъёрда фойдаланишни тўғри йўналтириш жуда муҳим вазифадир.
Менинг фикримча, сунъий интеллект ўқитувчини ҳеч қачон тўлиқ алмаштира олмайди, балки унинг фаолиятини янада кучайтиради. Чунки таълим фақатгина қуруқ маълумот беришдан иборат эмас. У ўзида жонли инсоний мулоқот, мотивация, руҳий қўллаб-қувватлаш ва тарбияни ҳам мужассам этади. Малакали ўқитувчи талабани тинглай олади, унинг руҳий ҳолатини ва қийинчиликларини сезади, ҳар бир таълим олувчига индивидуал ёндашув топади. Бу эса сунъий интеллект учун алгоритмик жиҳатдан ҳали ҳам мураккаб ва имконсиз вазифа бўлиб қолмоқда.
Дарс жараёнида ўқитувчи талабалар билан бевосита мулоқот қилади, баҳс-мунозаралар ташкил этади ва фикр алмашади. Бу ижодий жараён орқали ёшлар нафақат билим олади, балки жамиятда ўз фикрини эркин ва ишончли ифода этишни ҳам ўрганади. Сунъий интеллект эса бундай эмоционал ва интерактив алоқани яратишда чекланган. Бироқ, таълимни шахсийлаштиришда унинг ўрни беқиёс. Илғор технологиялар туфайли ҳар бир талаба ўз ўзлаштириш тезлигида ўрганиши, ўзига мос материалларни танлаши мумкин ва бу тизим айниқса катта академик аудиторияларда жуда қўл келади.
Яна бир мисол: талабаларнинг ёзма ишларини текшириш жараёни. Ўқитувчи ҳар бир ишдаги имловий ёки грамматик хатоларни қидириш учун кўп вақт сарфлайди. Сунъий интеллект эса бундай техник хатоларни бир неча сонияда аниқлаб бера олади. Бу эса ўз навбатида устозларга ортиқча рутинома ишлардан халос бўлиб, кўпроқ вақтини талабалар билан ижодий ва илмий мулоқот қилишга ажратиш имконини яратади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект технологиялари таълим тизимига босқичма-босқич кириб келмоқда. Замонавий онлайн платформалар, рақамли дарсликлар ва интерактив рақамли воситалар таълим сифатини янги босқичга оширишга хизмат қилаётир. Бу эса келажакда юртимиз таълим тизими янада замонавий ва самарали бўлишидан далолат беради. Бироқ энг муҳим савол шундайлигича қолмоқда: биз ушбу технологиялардан қандай мақсадда фойдаланамиз? Агар сунъий интеллект бизга фақат ёрдамчи ва инструмент бўлса — бу ривожланишдир. Агар у фикрлашимиз ўрнини бутунлай эгаллаб олса — бу катта маънавий муаммодир.
Шу боис таълимда инсон ва технология ўртасидаги мувозанатни сақлаш ҳаётий заруратдир. Сунъий интеллект билим олиш йўлини осонлаштириши керак, лекин инсоний тафаккур ўрнини боса олмайди. Талаба ўзи изланмаса, савол бермаса, мушоҳада юритмаса ва ўйламаса, ҳеч қандай энг замонавий технология ҳам уни ҳақиқий мутахассисга айлантира олмайди. Хулоса қилиб айтганда, сунъий интеллект замонавий таълимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. У улкан имкониятлар эшигини очмоқда, лекин ундан оқилона ва тўғри фойдаланиш масъулияти яна инсоннинг ўзида қолади. Келажак таълимнинг муваффақияти — бу инсон ва технологиянинг оқилона ҳамкорлигидир.
Нилуфар ГИЯЗОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси,
ЎзА