Тамаки саноатида халқаро стандартлар жорий этилади
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда “Tashkent Tobacco” МЧЖ раҳбарияти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда тамаки саноатини ривожлантириш, соҳада амалда қўлланилаётган стандартлар, техник регламентлар ҳамда мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини халқаро талаблар асосида янада такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий базани илғор халқаро тажриба ва амалиёт билан уйғунлаштириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва импорт жараёнларида шаффофликни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда тамаки маҳсулотлари импорти билан шуғулланувчи йигирмадан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Бу эса соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва сифат назоратини кучайтиришни талаб этмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги тегишли фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди. Мазкур ҳужжатнинг тармоқни модернизация қилиш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда инвестициявий жозибадорликни оширишдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида тамаки саноати соҳасини халқаро талаблар асосида янада такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА