Замонавий таълим муҳити бор жойда билим ва изланишлар уйғунлиги таъминланади
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Олий таълим тизимида кечаётган ўзгаришлар нафақат бугун, балки эртанги тараққиётимизга ҳам замин яратаётгани кундек равшанлашмоқда. Дарҳақиқат, бугун ёшларга муайян касб бўйича билим беришнинг ўзи етарли эмас. Замонавий мутахассис ўз соҳасини яхши билиши билан бирга, мустақил фикрлаши, ахборотни таҳлил қилиши, янгиликка мослаша олиши ва олган билимини амалиётда қўллай билиши керак. Бу эса таълим жараёнига янгича ёндашувни, устознинг ўз устида доимий ишлашини ва талабанинг интилишини талаб этади.
Бу талаба учун танлаган соҳасида билимларини чуқурлаштириш, илмий изланишларга киришиш ва касбий салоҳиятини янада ошириш билан мустаҳкамланади.
Тан олиш керак, таълим йўналишлари қанча кўп бўлмасин, унинг сифати аввало дарс бераётган устознинг салоҳиятига боғлиқ. Ҳеч бир олий ўқув юртининг қиёфасини профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Илмий даражага эга мутахассис ўз изланишларида тўплаган билимларини аудиторияга олиб киради, талабага мавзуни чуқурроқ англаш, далиллар билан ишлаш ва мустақил хулоса чиқариш имконини беради.
Илмий муҳит талабаларнинг изланишларига таъсир қилади. Илмий-амалий анжуманлар эса ёшларнинг ўз фикрини баён этиши, тадқиқот натижаларини тақдим қилиши ва турли соҳалардаги мутахассислар билан мулоқот қилиши учун майдон яратади.
Бу жараёнда сунъий интеллектнинг илғор имкониятларидан оқилона фойдалана олиш ҳам давр талабидир. Ундан маълумотни олиш осонлашгани сари текшириш, таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқариш кўникмасини ҳам шакллантириш муҳим. Бир сўз билан айтганда, бугунги талаба технологиядан фойдаланишнигина эмас, унинг имкониятлари ва чегараларини англашни ҳам ўрганиши зарур. Янги ғоянинг қиймати унинг ҳаётий ва фойдали натижа бериши билан ўлчанади.
Давлатимиз раҳбари сифатли таълим, кучли илмий муҳит, замонавий технология, халқаро ҳамкорлик ва амалий тайёргарлик орқали замон талабларига мос мутахассисларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани сир эмас.
Навоий вилоятининг бугунги саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти етук кадрлар учун амалий майдон яратади. Кончилик, энергетика, автоматлаштириш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бошқа йўналишларда таҳсил олаётган ёшлар ўз билимларини ҳақиқий иш жараёни билан боғлаш имкони кенг. Талаба қай бир корхонага бормасин, амалиётга борганида дарсда ўрганган билимларининг ҳақиқий қийматини кўради. Иш берувчи эса ёш мутахассиснинг тайёргарлигига баҳо бериш, келажакда унга қўйиладиган талабларни белгилаш имконига эга бўлади. Шу тариқа таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги алоқа янада мустаҳкамланади.
Вилоятда фаолият юритаётган Навоий инновациялар университети бу жараёнда ҳар бир ёшнинг қобилияти, қизиқиши ва орзуларини амалга ошириш йўлида фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда университетнинг асосий штат бирлигида 146 нафар профессор-ўқитувчи меҳнат қилмоқда.
Мақсад диплом олган ёшларнинг сонини шунчаки ошириш эмас, балки ўз касбига эга, фикрига эга, меҳнат бозорида, жамият олдида уларнинг масъулиятини шакллантиришдир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида бугунги кунга қадар ёшлар таълимига қаратилган эътибор ва имкониятларни сарҳисоб қилар эканмиз, аудиторияда билим олаётган ҳар бир талаба айни ислоҳотларнинг шукуҳини ўзида ҳис этаётганини англаш мумкин. Улар ўз соҳасида янги ғоя билан чиқишлар қилиши, илмий тадқиқот олиб бориши, янги иш ўринлари яратиши ёки тенгдошларига эзгу мақсадлар билан ибрат бўлаётганининг ўзи барчасини намоён қилади. Бу эса барчанинг таълимга бўлган масъулиятимизни янада оширади.
Эртанги натижа бугунги меҳнатдан бошланади. Замонавий таълимнинг яна муҳим бир жиҳати бор. Талаба ўз шаҳри ёки мамлакати доирасидаги билим билан чекланиб қолмаслиги керак. Дунёдаги янги илмий изланишлар, таълим методикалари ва касбий тажрибалар билан танишиш унинг қарашларини кенгайтиради. Бундай тизимда талаба турли таълим муҳитларини кўриш, бошқа мамлакатлардаги тенгдошлари билан мулоқот қилиш ва ўз мутахассислиги бўйича янги тажриба орттириш имконига эга бўлади.
Халқаро ҳамкорликнинг мазмуни таълим дастурларининг яқинлашуви, кредитларни тан олиш, қўшма дастурлар, илмий ҳамкорлик ва профессор-ўқитувчиларнинг тажриба алмашинувида ҳам кўринади. Шу сабабли ўқув дастурларини халқаро талабларга мослаштириш, хорижий тилларни ўрганиш имкониятларини кенгайтириш ва академик алоқаларни мустаҳкамлаш келгуси вазифалар қаторида туради. Бунда хорижий тилларнинг ўрни ҳам катта. Устоз учун эса халқаро илмий майдонда ҳамкасблари билан мулоқот қилиш, тадқиқот натижаларини тақдим этиш ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиш йўлини очади. Бугун бу жараёнга рақамли технологиялар ҳам қўшилмоқда. Сунъий интеллект, электрон таълим ресурслари, рақамли маълумотлар базаси ва масофавий мулоқот воситалари ҳам билим олиш имкониятларини кенгайтиряпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 17 июль куни қабул қилинган «Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори айни йўналишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳужжатда илғор хорижий тажрибалар асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларининг интеграциясини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ўртасида дастурларни ўзаро тан олиш орқали академик мобилликни кучайтириш, интеграциялашган дастурларни халқаро рейтингларнинг топ-100 талик рўйхатга кирувчи университетлари академик талабларига мувофиқлаштириш борасида муҳим вазифалар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, илмга киритилаётган бугунги инвестиция Янги Ўзбекистон бунёдкорларини юрт шаъни ва қадр-қиммати учун бебаҳо шахсларга айлантиради. Шунда марралар кенгаяди, интилишлар мазмун-моҳият топади. Замонавий таълим муҳити бор жойда билим ва изланишлар уйғунлиги таъминланади.
Алижон ЭРГАШЕВ,
ўқитувчи.
ЎзА