Замонавий шифокорлик пунктлари иш бошлади
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли ва замонавий тиббий хизматни ҳар бир хонадонга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида нафақат пойтахтда, балки энг чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳам тубдан янгиланиб, аҳоли учун муносиб шарт-шароитлар яратилмоқда.
Ана шундай эзгу ишлар давоми сифатида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрами арафасида Мирзаобод туманидаги “Ёшлар” ҳамда У. Юсупов оилавий шифокорлик пунктлари мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида амалга оширилди. Унга мувофиқ ҳар икки тиббиёт муассасасини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига 2 миллиард сўмдан, жами 4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.


Қурилиш-таъмирлаш ишларини “Guliston Qo'rg'on Baraka Qurilish Montaj” ҳамда “Aziz Temur Fayz” масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширишди.
Тантанали очилиш маросимида Мирзаобод тумани ҳокими Абдураҳим Умаров, соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари, нуронийлар, тиббиёт ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар алоҳида эътироф этилди.


Янгиланган оилавий шифокорлик пунктлари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Бу ерда шифокорлар қабул хоналари, клиник лаборатория, оналар ва болалар саломатлиги бўлимлари, эмлаш кабинети ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати учун барча зарур шароитлар яратилди. Шунингдек, фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида электрон навбат тизими жорий қилиниб, тиббий хизматларни тезкор, шаффоф ва сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.


Яратилган имкониятлар, энг аввало, аҳолига бирламчи тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш, касалликларни эрта аниқлаш, профилактик кўриклар сифатини ошириш, шунингдек, оналар ва болалар саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
— Мазкур муассасаларнинг янгиланиши нафақат тиббиёт ходимлари, балки минглаб аҳоли учун ҳам Мустақиллик байрами арафасидаги муносиб туҳфа бўлди. Илгари оилавий шифокорлик пунктларининг моддий-техник базаси талаб даражасида эмаслиги ва биноларнинг эскиргани тиббий хизмат сифатига маълум даражада таъсир кўрсатар эди. Бугун эса бу муаммоларга амалий ечим топилди. Замонавий шароит, янги тиббий ускуналар ва қулай муҳит шифокорларимизга янада самарали меҳнат қилиш, аҳолига эса сифатли, тезкор ва қулай тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратди, — дейди Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Ўролов.


Очилиш маросимида сўзга чиққан нуронийлар ва маҳалла фаоллари ҳам мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бунёдкорлик ишларини юксак баҳолаб, бундай лойиҳалар аҳоли фаровонлиги, соғлом турмуш тарзи ва ҳаёт сифатини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.


Янгиланган мазкур тиббиёт муассасалари эндиликда Мирзаобод аҳолисига янада сифатли, тезкор ва замонавий тиббий хизмат кўрсатади. Энг муҳими, инсон саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган бундай эзгу ишлар Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири