Рассомлар ижодидаги “Акс садо”
Тошкент Фотосуратлар уйида “HAM_NAFAS” ижодий гуруҳининг “Акс садо” номли бадиий кўргазмаси очилди. Унда таниқли рассомлар ва ёш ижодкорларнинг турли мавзу ва йўналишлардаги тасвирий санъат асарлари намойиш этилмоқда.
Мазкур кўргазма ижодий гуруҳ аъзоларининг янги асарларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш билан бирга, устоз-шогирд анъаналари, бадиий тажриба алмашинуви ва авлодлар ўртасидаги ижодий ворисийликни намоён этиши билан аҳамиятлидир. Кўргазма куратори – Маъсуда Абдураҳмонова.
2023 йил декабрь ойида ташкил этилган “HAM_NAFAS” ижодий гуруҳи ўтган давр мобайнида ўз бадиий йўналиши ва ижодий қарашларига эга жамоа сифатида шаклланди. “Акс садо” гуруҳнинг иккинчи йирик кўргазмаси бўлиб, унда рассомларнинг янги изланишлари ва ижодий ҳамкорлиги ўз ифодасини топган.
Бу галги кўргазманинг ўзига хос жиҳатларидан бири – ижодий гуруҳ сафи яна беш нафар рассом билан кенгайганидир. Жамоанинг асосий таркибидан Дилшод Азизов, Карим Умиров, Бобур Воҳобжонов, Болатбек Илясов, Ўктам Исиргапов, Шоира Шодиева ва Сидиқбек Абдумўминов ўрин олган. Улар қаторига Сарвар Йўлдошев, Лиана Алмяшева, Мирсаид Имомов, Анастасия Тилляева ва Робия Қодирова ҳам қўшилган.
Гуруҳ аъзоларининг аксарияти ижодий фаолият билан бир қаторда, педагогик фаолият ҳам олиб бориб, ўз билим ва тажрибасини ёш авлодга етказиб келмоқда.
Экспозициядан тажрибали рассомларнинг асарлари билан бирга, улардан сабоқ олган ёш ижодкорларнинг ишлари ҳам жой олган. Жумладан, Тошкент халқаро Кимё университети бакалавриат талабаларининг битирув ижодий ишлари кўргазманинг муҳим қисмини ташкил этади.
Ушбу асарларда ёш рассомларнинг таълим жараёнида орттирган билим ва кўникмалари, бадиий тафаккури, мавзуга индивидуал ёндашуви ҳамда ўз ижодий услубини шакллантириш йўлидаги изланишлари акс этган.
Кўргазмада Раксана Гаибова, Нигина Мирзахўжаева, Мир-Саид Имомов, Азизахон Ғуломжонова, Лола Ҳакимова, Арнелла Испирян, Азизахон Ҳотамова, Дарья Коршунова, Багдан Чаю, Лазизжон Ғуломов, Вероника Корнева ва Рухшонахон Мирвосилова каби ёш ижодкорларнинг ишлари ҳам намойиш этилмоқда.
Тақдим этилган асарлар мавзу ва бадиий ечимларининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Уларда инсон ва оила муносабатлари, рақс санъати, қишлоқ ҳаёти, антик давр маданияти, мифологик образлар, табиат манзаралари ва ҳаётий жараёнлар турлича бадиий талқин этилган.
Айниқса, ёш рассомларнинг битирув ишларида композицион ечим, ранглар уйғунлиги, образлар талқини ва ижодий ёндашувга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса уларнинг касбий маҳорати шаклланиб бораётганидан далолат беради.
Кўргазмада устозларнинг бой тажрибаси ва бадиий қарашлари шогирдларнинг мустақил изланишлари билан уйғунлашган. Турли авлод вакилларининг ижод намуналари ўртасидаги бундай ҳамоҳанглик тасвирий санъатда анъана ва замонавий ёндашувлар ўзаро боғлиқ эканини намоён этади.
[gallery-32286]
“Акс садо” кўргазмаси устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини кенг жамоатчиликка танитишга хизмат қилмоқда.
Камола ЮСУПОВА,
Сарвар ЎРМОНОВ (сурат), ЎзА