Замонавий қурилиш: сифат, хавфсизлик ва янги ёндашувлар
Навоий вилоятида қурилиш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, кўп хонадонли уйларнинг ҳолатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар, эришилган натижалар ва мавсумга тайёргарлик жараёнлари ҳақида Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Замонавий қурилиш: сифат, хавфсизлик ва янги ёндашувлар” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Акбар Ниёзов, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Азиз Отақулов, вилоят ҳокими матбуот котиби Шоҳира Раубаева, журналист ва блогерлар ҳамда соҳа масъуллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, бугунги бунёдкорлик ишларининг кўлами ҳудудларнинг қиёфасини янгилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратишга қаратилган. 2026 йилда вилоятда 559 та мақсадли объектни қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, 2 триллион 734 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозирга қадар режанинг 73,9 фоизи бажарилиб, 298 та объект фойдаланишга топширилди.
– Инвестиция дастури доирасида 841,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, айни пайтда Навоий давлат университетининг 12 минг ўринли кампуси, янги вилоят кардиология диспансери каби муҳим объектларда ишлар давом этмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари А.Ниёзов. – “Янги Навоий” шаҳарчаси ва “Янги Ўзбекистон” боғидаги йирик объектлар қурилиши 86,4 фоизга етказилган. Энг муҳими, бунёд этилаётган ҳар бир иншоотнинг ўз вақтида, сифатли ва белгиланган талаблар асосида фойдаланишга топширилиши назоратга олинган.
Бугунги кунда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Йил якунига қадар вилоятда жами 5 минг 706 хонадонли 66 та кўп қаватли уй қурилиши белгиланган. Ҳозирда 2 минг 356 хонадонли 33 та уй фойдаланишга топширилди. Шунингдек, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ер ажратиш жараёнларини рақамлаштириш ва шаффофлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида кўп хонадонли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, уйларни таъмирлаш ва иссиқлик таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Бугунги кунда вилоятда 2 минг 133 та кўп хонадонли уй мавжуд бўлиб, уларда 322,3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Кўп хонадонли уйларга 76 та бошқарув ташкилоти ва 1 минг 253 нафар ишчи-ходим хизмат кўрсатади.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида режалаштирилган 166 та уйнинг 162 тасида таъмирлаш ишлари якунланиб, 98 фоизлик кўрсаткичга эришилди. Қолган тўртта уйдаги таъмирлаш ишларини 15 октябрга қадар тугаллаш белгиланган, – дейди А.Отақулов. – Бу жараёнда уйларнинг техник ҳолатини яхшилаш, совуқ кунларда аҳоли учун қулай шароит яратиш ва мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга эътибор қаратилмоқда. Уй-жойлар атрофидаги инфратузилмани ривожлантириш учун 39,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан 98 та болалар майдончаси, пиёдалар йўлаклари ва ирригация тармоқларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 15 та лифтни таъмирлаш ва янгилаш ишлари якунланган. Иссиқлик таъминоти бўйича режалаштирилган 16 та иссиқлик қозонининг барчаси мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган.
[gallery-31832]
Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўришда электр, газ, иссиқлик ва сув таъминоти тизимларининг узлуксиз ишлаши алоҳида аҳамият касб этади. Шу мақсадда электр таъминотини яхшилаш учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилган. Қиш мавсумида йўлларни сақлаш ва зарур ҳолларда қордан тозалаш ишларини ташкил этиш учун 171 та махсус техника шай ҳолатга келтирилган. Авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 24/7 режимда ишловчи диспетчерлик хизматлари ташкил этилиб, зарур моддий-техник захиралар шакллантирилган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил жавоб ва тушунтиришлар олдилар.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири