Замонавий поликлиника аҳоли хизматида
Бухоро шаҳридаги Амир Темур кўчасида янги поликлиника биноси фойдаланишга топширилди.
Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 11-оилавий поликлиника биноси “Ғиждувон Говшун махсус қурилиш монтаж” МЧЖ бунёдкорлари томонидан барпо этилди. Давлат дастури асосида амалга оширилган қурилиш-монтаж ишларига 5,6 миллиард сўм маблағ сарфланди. 250 қатновга мўлжалланган муассасада эндиликда 100 дан ортиқ ходим иш бошлади.

УАШ, стоматолог, кардиолог, лор, инфекционист, окулист, акушер-гинеколог, лаборант врач, иммунолог, уролог, онколог, хирург каби мутахассислар ҳудуднинг 22 минг 181 нафар аҳолисига бирламчи тиббий санитария хизмати кўрсатади.

Бу ерда иккита кундузги стационар, физиотерапия хонаси, стерилизация, лаборатория, УТТ, ЭКГ, “Аёллар маслаҳатхонаси” ва дорихона мавжуд.

Поликлиникада “Электрон поликлиника” ахборот тизими йўлга қўйилган. Ҳар бир мутахассис хонаси учун электрон монитор ўрнатилган. Муассасага келган фуқаролар рўйхатхонага мурожаат қилади ва электрон навбатга ёзилади.

–Янги поликлиникага биринчи маротаба келишим, – дейди Сомий кўчасида яшовчи 65 ёшли Муҳаббат Раджабова. – Шинам ва замонавий хоналарни кўриб қувондим.

Рўйхатхонадаёқ ҳамшира қизлар қўллари кўксида ҳурмат билан мени қарши олишди. Шифокорларга учрашиб, текширувлардан ўтиб, керакли тавсияларни олдим.
Зариф Комилов, ЎзА