«Замонавий мактаблар» да нималар ўзгаради?
Жамият равнақи унда яшаётган инсонларнинг ақл заковати, юксак маданияти, савияси ва маданиятига боғлиқ.
Жамият равнақи унда яшаётган инсонларнинг ақл заковати, юксак маданияти, савияси ва маданиятига боғлиқ. Шундай экан ёш авлодни мукаммал билим олишини таъминлаш, уларга керакли шароитларни яратиш, қолаверса эгаллаган билим ва кўникмаларини ҳаётга татбиқ этиш бугунинг муҳим вазифаларидан биридир.
Таътил кунлари бўлишига қарамай, юртимиздаги қатор мактабларда таъмирлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Улардан бири пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 22-умумтаълим мактабидир.
-Себзор маҳалласида жойлашган бу мактаб кўз ўнгимда учинчи марта ўзгармоқда,- дейди мактаб васийлик кенгаши аъзоси Ирода Каримова.- 1980 йилда барпо этилган бу мактаб олдин ҳам таъмирланган эди. Янада замонавий шаклда таъмирланган, сўнгги андозадаги технологиялар билан жиҳозланган мактабда билим олган болалар мактабни ва ота-оналарини ишончини оқлашига ишонаман. Ўтган йилларда таълим олган ўқувчиларнинг жуда кўпчилиги юртимиз ва хориждаги йирик олийгоҳларда таҳсил олиб, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишган.

«Замонавий мактаб» лойиҳаси асосида таъмирланиб, янги қиёфага кираётган мазкур таълим муассасаси нафақат мазкур илм даргоҳларидаги ўқитувчи ва ўқувчиларни, балки кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар ҳамда маҳалла вакилларини бирдек қувонтирмоқда.
-Икки фарзандим, мазкур мактабда аъло баҳоларда ўқийди,-дейди Роҳатхон Файзиева. –Эскироқ, таъмир талаб бўлиб турганда телевизор орқали кўрсатилган, жаҳон андозларига мос, чиройли мактабларни кўриб ҳавас қиларди. Бизни мактаб ҳам шундай бўлармикан деб. Олиб борилаётган ишларни, кутубхоналар, спорт залларни кўриб қувондик. Барча қулайликларга эга мактабда таҳсил олган фарзандларимиз, соғлом ва жисмонан баркамол бўлиб, юртимизга муносиб хизмат қилади.
Албатта, шундай замонавий мактабда ўқитиш тизими қандай бўлишига қизиқишингиз табиий. 1060 ўринга мўлжалланган, мазкур мактабда айни вақтда 1100 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Ушбу таълим маскани ишини тубдан қайта ташкил этишда Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланиб, сифат-мазмун ва ташқи кўриниш уйғунлиги асосида ишлар давом эттирилмоқда.
Мактаб маъмуриятидан маълум қилишларича, 22- мактаб Тошкент давлат шарқшунослик институти билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўқувчиларга араб тили чуқурлаштирилган тарзда ўтилади.
-Жорий йилнинг январида ўқувчиларимизнинг «Қуёшдан қувват ол» лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликларининг нуфузли Zayed Sustainability Prize танловида Европа ва Марказий Осиё минтақасида юқори ўрин олди, - дейди мактаб директорини ўринбосари Гулбаҳор Зафарова. - Танловнинг бешта йўналишига дунёнинг 129 давлатидан вакиллар иштирок этган. 2008 йилдан буён ўтказилаётган танловнинг соврин жамғармаси 3 миллион доллар бўлиб, ҳар йили соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув таъминоти, энергетика ва глобал мактаблар йўналишларида барқарор ривожланиш бўйича энг яхши лойиҳалар тақдирланади. Пандемия туфайли янги лойиҳаларимиз тўхтаб қолди. Янги ўқув йилидан янги режаларни ишлаб чиқишни бошлаймиз.
Таъмирлаш ёки замонавий кўриниш билан албатта ўқувчиларнинг билими ошиб кетмайди. Бунинг учун ўқитувчилардан алоҳида ёндашув, янгича таклифлар талаб этилиши ҳам бор гап.


- Баъзи ўқувчилар фанга қизиқмаса бошқаларни ҳам ортга тортади, чунки ўқитувчининг асосий вақти бўш болалар билан ишлашга сарфланади,-дейди мактабнинг математика ўқитувчиси Нодира Комилова.- Бунда иқтидорли болаларга кам вақт қолади. Шунинг учун бундай болаларни алоҳида гуруҳларга тўплаб дарс ўтамиз. Шунда рақобат бўлиб, болаларнинг ўзлаштириши яхши тарафга ўзгаради. Бешинчи синфларга дарс бераман. Фанни мураккаб эканини ҳисобга олиб, тестлар, мантиқий саволлар, расмли жумбоқлар ва ўйинлардан кўпроқ фойдаланаман.
Қайд этиш керакки, юртимизда 2020-2022 йилларда «Замонавий мактаб» лойиҳаси бўйича умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга ишлари давом этмоқда. Президентимизнинг талаблари асосида «Замонавий мактаб»нинг дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлик даражасига, ўқув-тарбия жараёнига ҳамда дарсдан ташқари фаолиятига ҳамда раҳбар ва педагог кадрларига қўйиладиган вазифалар ишлаб чиқилмоқда.
«Замонавий мактаблар»га қўйиладиган талабларга мос келадиган умумий ўрта таълим муассасаларига тегишли даражадаги мувофиқлик сертификати берилади. Бу эса умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва ўқитувчиларига иш ҳақи ҳамда моддий рағбатлантиришнинг юқори ставкаларини қўллашга асос бўлади.