Замонавий касб-ҳунар сирларини ўрганиб
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Digital Generation Uzbekistan” ННМ, “Zamin” халқаро жамоат фонди ҳамда “Касбий таълим ва педагогик маҳорат” Нодавлат таълим муассасаси томонидан “Рақамли авлод” инклюзив ўқув маркази ўқувчиларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.
Мазкур ўқув машғулотлари рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган рақамли билимлар даражасини ошириш ҳамда замонавий касб-ҳунарга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.
Унда 101, 102, 106- кар-соқов ва эшитиш қобилияти заиф бўлган болалар мактаб интернатларининг юқори синф ўқувчиларига “Рақамли авлод” ҳамда “Zamin Education” лойиҳалари доирасида IT йўналишлари бўйича замонавий касб-ҳунар, касбий таълим берилди. Ушбу курсни муваффақиятли битирган 185 нафар юқори синф ўқувчилари сертификат билан тақдирланди.
– Болаларга касбий таълим беришда замонавий, ҳозирги кунда талаб катта бўлган йўналишларга асосий эътибор қаратилди, – деди “Рақамли авлод” инклюзив ўқув маркази раҳбари Азамат Жалолов. – Келгусида битирувчиларни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда бандлигини таъминлаш бўйича ҳам иш олиб боришни режалаштирганмиз.
Сурдо-педагог ва таржимон Моҳира Шоисаева болаларнинг фикрлари билан танишишга яқиндан кўмак берди.
– Мен робототехника бўйича ўқув машғулотларида таҳсил олдим, – деди 106-махсус мактаб-интернат ўқувчиси Сарвар Юсупов. – 3D принтерда ўз ишланмаларимни ясадим. Ҳозир ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият кўрсата оламан. Келгусида бу соҳада билимларимни янада бойитишни мақсад қилганман.
Ўқувчилар фото ва видео билан ишлаш, мехатроник тизимларни ўрнатиш, дастурлаш ва ишга тушириш, конструкторлаш ва 3D моделлаштириш, компьютер тизимлари, комплексларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш (АКТ техниги) курсларини тамомлади.
Ўқув курси давомида ўқувчилар учун оралиқ тестлар ҳам бўлиб ўтди. Дарслар якунида, иштирокчилар якуний имтиҳонда иштирок этишди ҳамда ўз билимларини намоён қилишди.
Ушбу маҳорат дарслари 2023 йилнинг октябридан жорий йилнинг май ойиига қадар давом этди. Мазкур лойиҳа илк бор ташкил этилмоқда.
Унда тажрибали халқаро ва маҳаллий мутахассислар ўз билимларини ўқувчилар билан бўлишди.
Назокат Усмонова,
ЎзА