Замонавий кадрлар қандай бўлиши керак?
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали ҳамда вилоят туризмни ривожлантириш бошкармаси ёшлар билан ўтказилган аввалги мулоқотларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб навбатдаги учрашувни Наманган Давлат университети талабалари билан туризм йўналишида фаолият юритаётган раҳбарлар иштирокида ташкил этди.
Бугунги кунда университетдаги “меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” ҳамда “туризм” йўналишларида 151 нафар талабалар таҳсил олмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳаси кундан-кунга жадал ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Бу борада айниқса, вилоятимизда замонавий билим ва малакага эга бўлган инсон ресурсларига эҳтиёж юқори эканлигини ҳисобга олган ҳолда талабаларни мутахассисликлари бўйича амалиёт ўташларига шароит яратиш ва келгусида уларни ишга жойлашишларига кўмаклашиш муҳим вазифалардан биридир.
Наманган вилояти ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Ботиржон Нуриддинов, вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Аюбхон Бобомирзаев ўз сўзида бундай тадбирлар келгусида малакали мутахассисларни давлат фуқаролик хизматига жалб этишда алоҳида аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

Ҳозирги кунда кадрларга қўйилаётган талабни тўғридан-тўғри бошқарма ёки ташкилотнинг раҳбарларидан эшитган ҳар қандай талаба келгусида давлат хизматчиси бўлиш учун ўз устида янада кўпроқ ишлашга интилади.
Тадбирда соҳа раҳбарлари ёшларни қизиқтирган барча саволлларига атрофлича жавоб қайтардилар. Эътиборлиси, ушбу очиқ мулоқотда университет ва вилоят туризм бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш ҳамда келгусида туризм бошқармасининг малакали мутахассисларига университет томонидан амалий дарсларни ўтиш учун соатбай дарс беришга келишиб олинди.
Шуни таъкидлаш лозимки, тадбир давомида Давлат фуқаролик хизматига ёшларни жалб қилиш, ватанпарвар, иқтидорли ёш кадрлар захирасини шакллантириш, олий таълим муассасаларини тамомлаётган битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш бўйича юзага келаётган муаммоларга ечим топишга кўмаклашилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА