Замонавий иншоот аҳоли хизматида
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида жойларда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Айниқса, байрам арафасида шаҳар ва туманларда, чекка овулларда кўплаб янги ва замонавий иншоотлар қад ростлаб, фойдаланишга топширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Тоза боғ” овули ҳудудида янгидан замонавий кўринишда барпо қилинган “Дунё” тантаналар мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Янги иншоотнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари етакчи ўринда турадиган ижтимоий давлат ҳамда халқпарвар жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Замонавий қиёфада бунёд қилинган мазкур тўйхона халқимизнинг тўй-ҳашам ва яхши кунларини ўтказишга хизмат қилишига тилак билдирди. 1000 ўринга мўлжалланган тантаналар уйида аҳоли учун барча шароит яратилган.

Мажмуада шу куни овулда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 16 нафар фарзандининг суннат тўйи ўтказиб берилди. Тадбирда болаларга қимматбаҳо совғалар улашилди. Санъат усталари ижросидаги концерт дастури, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қувноқ томошалар даврага байрамона файз ва шукуҳ бағишлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири