Замин иқлимини қандай қутқарса бўлади?
Бу саволга олимлар анчадан буён жавоб қидиради. Илмий фараз, тахмин, таҳлил кўп, Таассуфки, инсоният изланишлар натижасига қараб яшаётгани йўқ.
Сайёрамиз аҳолиси саккиз миллиардга яқинлашмоқда. Ҳамма истемолчи ва атроф муҳитни ифлослантирувчи ҳисобланади. Тасаввур қилайлик, кишилар Ер иқлимини асрашни истаса, гўштдан, пиводан, қаҳвадан, узоқ йўлга саёҳатга чиқишдан, видео ўйиндан воз кечиши керак экан. Шунингдек, бир кунда атиги икки марта ҳожатхонага бориши, ҳафтада бир марта ванна қабул қилиши ва бир йилда бешта футболка сотиб олиши лозим. Ҳа, ишонмаслигингиз мумкин, лекин “Credit Suisse”нинг “масъулиятли яшаш тарзи” тўғрисидаги ҳисоботида айнан шундай дейилади.

Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, инсоннинг яшаш тарзи СО2, яъни, диоксид углероди, соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, ис газини атроф муҳитга кўп чиқариш билан давом этмоқда. Бу борада энг кўп улуш фуқаролари фаровон яшайдиган бой мамлакатларга тўғри келади, чунки бундай юртларда истеъмол миқдори бошқалардан фарқ қилади. Ривожланган мамлакатлар уй бекалари йилига 130 тонна СО2 ишлаб чиқаради. Бу кўрсаткич дунё бўйича йилига ўртача 3,4 тоннани ташкил этади: фарқ жуда катта, шундай эмасми? Таҳлилчилар ҳаёт тарзининг барча жиҳатини кўриб чиқиб, иқлимни сақлаб қолиш учун келажакда қайси одатларни ўзгартириш зарурлигини тахмин қилдилар.
Ҳисоб-китобдан кейин маъруза муаллифлари истеъмолчиларни тўрт гуруҳга бўлишди: "кам саёҳат қилади, онлайн харид қилади", "ўртача ҳаракатчан харидор", "СО2 ни кўп чиқарувчи фаол харидор", "муккасидан кетган саёҳатчи". Ушбу гуруҳларга кирувчиларнинг ҳар бирига турмуш тарзидан келиб чиқиб, қанча углерод тўғри келишини ҳисоблаб чиқишди.
Маълум бўлишича, атроф муҳитни энг кўп ифлослантираётганлар фаол харидорлар, дўконма-дўкон изғиб юрувчилар, шунингдек, узоқ сафарга чиқувчилар экан. Айни ҳаёт тарзига эга шахс йилига ҳавога 25 тонна зарарли газ чиқаради. Кейинги ўриндаги "саёҳатга муккасидан кетганлар"нинг ҳар бири бир йилда 17 тонн СО2 улашади. Узоққа саёҳат қилмайдиганлар ва дўконма-дўкон кезишни ёқтирмайдиганларда бу рақам бироз кам - 15 тонна. Иқлимни асраш учун энг мақбул гуруҳ онлайн харид қиладиганлар ва уйдан кўчага чиқмайдиган хонанишин одамлар экан. Улар ҳиссасига йилига, атиги, 5 тонна ис гази тўғри келади.
"Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, тўрттала гуруҳдаги истеъмолчида ҳам ҳавони ифлослантиришига сабаб бўладиган омиллар ўхшаш. Демак, “қандай қилиб ҳавони ифлослантирмаслик мумкин”, деган саволга жавоб маълум: саёҳатни камайтириш керак, экологик транспортдан фойдаланиш лозим, масалан, велосипед ёки поезддан.
Умуман, қандай бўлишимиз керак?
Бунга швейцариялик олимлар жавоб беришга уриниб кўришди. Уларнинг хулосасига кўра, йилига 2,5-3 тонна чиқинди чиқарувчилар идеал истеъмолчи бўлиши мумкин экан.

Маълум бўлишича, истеъмолчи қуйидаги ҳаракатларга эътибор қаратиши зарур. Яъни, гўшт истеъмолини чеклаши, ҳафтасига икки марта парранда гўшти ва денгиз маҳсулоти, 50 грамм шоколад ва чипс, 25 грамм пишлоқ ейиш мумкин. Ҳар кунги таомномада сабзавот, ҳафтасига беш марта мева бўлсин. Хамирли овқат ва картошка бир ҳафтада икки бор истеъмол қилинса кифоя.
Саёҳатни йилига бир парвоз билан амалга оширса бўлади, шунда ҳам қисқа масофага. Электромобилда йилига беш минг километр юриш мумкин. Шаҳарда ҳафтада тўрт кун жамоат транспортида, беш марта қисқа масофага, ойига икки бор узоқроқ масофага юриш маъқул. Беш юлдузли меҳмонхонадан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Фитнесга ҳафтада уч марта қатнаш етарли, кунига бир соат телевизор кўриш, видео ўйинга вақт сарфламаслик, ёзув столидан бир кунда саккиз соат фойдаланиш - меъёр, ноутбукка ва смартфонни қувватлантиришга бир соат вақт ажратиш етарли.
Бундан ташқари, уйдаги одатлардан ҳам воз кечишга тўғри келади. Кир ювиш машинасидан ҳафтасига бир марта фойдаланиш мумкин, душ қабул қилиш етти кунда уч марта саккиз дақиқадан. Шунингдек, идиш-товоқ ювадиган машинадан ҳам ҳафтада бир марта фойдаланиш керак.

Кийимга келсак, бир йилда икки жуфт жинси, учта кўйлак ва бешта футболка кийсангиз, кифоя. Пиджак ва костюм учун СО2 лимити йўл қўймайди.
Ҳозирги замон истеъмолчилари юкорида келтирилган рўйхатни ўқиб, атроф-муҳитни қай даражада ифлослантираётганини тасаввур қилиши қийин эмас. Тан олиш керак, бундай меъёрга эришиш саноат даврида яшаётганлар учун анча мушкул. Бинобарин, гап ўзимиз яшаётган она замин иқлими ҳақида бормоқда. Айни муаммонинг ечими атроф-муҳит мусаффолигини сақлаб қолиш, аввало, ўзимиз, қолаверса, фарзандларимиз, келгуси авлод учун жуда муҳим. Аслида, бунинг учун кўп нарса қурбонлик қилиш шарт эмас: шунчаки, турмуш тарзини бироз ўзгартириш, айрим одатлардан воз кечиш етарли.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА