“Заковат” газчилар билимини синовдан ўтказди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида "Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали ва унинг туман, шаҳар газ таъминот бўлимлари ишчи-ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган интеллектуал ўйинда 8 та жамоа иштирок этди. Ҳар бири беш нафардан иборат жамоаларда мутахассислар, газ таъминотида турли лавозимларда ишлайдиган ходимлар, оддий ишчилар ўзаро беллашди. Унда мантиқий, тарихий, бошқотирма саволлар билан бирга билимдонларнинг соҳага оид қонунчиликдан хабардорлик даражаси ҳам синовдан ўтказилди.

"Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда тизимда 1 минг 160 дан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Йирик жамоада ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, китоб мутолаасига меҳр ва қизиқишни ошириш учун туман, шаҳар газ таъминоти бўлимларини ҳар ойда бадиий адабиёт ва бошқа китоблар билан таъминлаш йўлга қўйилган.

Жамоаларнинг билим ва топқирлигини синовдан ўтказган беллашув якунида биринчи ўринни “Филиал-2” давлат муассасаси жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин “Филиал-1” жамоаси ва учинчи ўрин “Бандихонтумангаз” газ таъминоти бўлими жамоасига насиб этди.


Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Эндиликда мазкур жамоалардан саралаб олинган олти нафар иштирокчидан таркиб топган вилоят командаси “Заковат” интеллектуал ўйинининг мамлакат босқичида иштирок этиб, сурхондарёлик газчилар шарафини ҳимоя қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири