Заҳматкаш адибнинг умр манзиллари
Шоир ва ёзувчилар ҳаёти, уларнинг машаққатли ижод йўли, асарларининг туғилиши тарихи китобхонлар учун ғоят қизиқарлидир. Бу жиҳат ўқувчиларни миллий адабиётимизга бўлган ҳаваси ва ҳурматини,эҳтиромини янада юксалтиришда асосий омиллардан бири саналади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Дўстлик» ордени соҳиби, таниқли адиб Фарид Усмон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган «Умр манзиллари» номли адабий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Адабиёт аҳли, ижодкорлар, олимлар ва маънавият фидойилари иштирок этган тадбирда Фарид Усмоннинг сермазмун ҳаёт йўли ва кўп қиррали ижодий фаолияти, унинг миллий адабиётимиз ҳамда маданиятимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.

«Умр манзиллари» номи билан ўтказилган учрашув адибнинг ижодий мероси, ҳаёт сабоқлари ва адабиётга садоқатини яна бир бор ёдга солди. Фарид Усмон ўз ижоди орқали инсон қалби, давр нафаси ва маънавий қадриятларни бадиий талқин этишга интилиб келган ижодкор сифатида адабиёт ихлосмандлари хотирасида муносиб ўрин эгаллаган.

Тадбир давомида адибнинг ижодий изланишлари, адабий жараёндаги ўрни, ҳамкасблари ва замондошлари билан муносабатлари, устоз-шогирд анъаналари ҳақида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олимлар Абдулла Аъзам, Раҳмон Қўчқор, устоз журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқа ижодкорлар батафсил фикр билдирдилар.

Фарид Усмоннинг адабиёт ва маданият соҳасидаги фаолияти, инсон ва ижодкор сифатидаги фазилатлари турли нуқтаи назарлар асосида ёритилди.
Учрашувда академиклар, устоз адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар Фарид Усмоннинг ижодий мероси, адабий муҳитдаги ўрни ва инсон сифатидаги ибратли жиҳатлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ижодкорнинг «Умид гулзори», «Садоқат», «Навосиз наво», «Қадр кечаси», «Ул қаро кўз бўлмаса», «Жон қуши» каби шеърий тўпламлари ҳамда «Ҳусн девони» каби китоблари ўз мухлисларига эга экани эътироф этилди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ижодкор умри йиллар билан эмас, адабиёт ва халқ маънавиятига қўшган ҳиссаси, қолдирган эзгу изи ва асарларининг умри билан ўлчанади. Шу маънода, «Умр манзиллари» учрашуви Фарид Усмоннинг 80 йиллик ҳаёт ва ижод йўлини сарҳисоб қилиш баробарида, унинг адабиётимизда қолдирган маънавий меросини чуқур ўрганишга ва қадрлашга хизмат қилди.

Тадбир самимий суҳбатлар ва адабиёт ҳақидаги муштарак мулоҳазалар билан давом этди. Адабий кечада адибга Ёзувчилар уюшмаси ҳамда меҳмонларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА