Сукунатда сўзлаган ранглар(+видео)
"Рассом устахонаси" лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Элнур Эгамов. Қаҳрамонимиз асарлари бир қарашда тушунарсиздек туюлади. Аммо синчиклаб назар солсангиз, улар замирида ниҳоятда қизиқарли, фалсафий ва психологик ғоялар яширинганини англайсиз. Унинг асарлари инсонни ўйлантиради, мулоҳазага чорлайди, баъзан эса ачинишга мажбур қилади.
Рассом Элнур Эгамов — изланувчан, меҳнаткаш ва атрофидаги воқеликка бефарқ бўлмаган ижодкор. У жамиятимизда бўлаётган жараёнларни кузатади, инсон ва унинг ички кечинмаларини ўрганади ва ўз қарашларини ранглар, образлар ва ғоялар орқали ифодалайди.
Унинг санъатида савол бор, изланиш бор, баъзан эса жавоб топишга ундайдиган сукут бор. “Аёл”, “Оила”, “Отилмаган одам”, “Зангори экран”, “Ренессанс”, “Унутилган ДНК”, “Ёзилмаган қонунлар”, “Тумор”, “Динлар”, “Ғалаба” каби асарларида рассом инсон, жамият, хотира, қадрият ва замон ҳақидаги қарашларини турли образлар орқали ифодалайди. Элнур Эгамов ижодида графика ва инсталляция уйғунлашиб, оддий кўринган образлар ортида мураккаб ва фалсафий маъноларни намоён этади.
Суҳбатни ЎзАнинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилинг.
Мунира Рамазонова, Дониёр Якубов, Искандар Исматов, ЎзА