Ўз уйинг бўлса, хотиржам хизмат қиласан
Қарши шаҳрининг Мустақиллик маҳалласида бунёд этилган ҳарбийлар шаҳарчасида 60 хонадондан иборат 2 та 5 қаватли уй қуриб битказилди.
Ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлашдек шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келаётган ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, оилавий шароитларини яхшилашга қаратилаётган эътибор бурчга садоқат ҳамда ватанпарварлик ҳиссини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг илк кунларидаёқ 124 нафар соҳа фидойисига уй берилди.
Қарши шаҳрининг Мустақиллик маҳалласида бунёд этилган ҳарбийлар шаҳарчасида 60 хонадондан иборат 2 та 5 қаватли уй қуриб битказилди. Янги турар жойларни ўз эгаларига топшириш маросими қўшалоқ байрамга, катта тантанага айланди. Унда иштирок этганлар Ўзбекистон Қуролли Кучларида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, шаклланган миллий армиямизнинг салоҳияти, ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган эътиборни алоҳида эътироф этди.
Хонадон эгаларига уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди. Янги уйларга эга бўлган оилаларнинг ҳар бир аъзоси юз- кўзида кўтаринкилик, фахр-ифтихор, чуқур миннатдорлик уфуриб турибди.
Ўткир Қурбонов Ватан ҳимоясини шарафли бурч деб билган ўғлонлардан бири. Асли Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида туғилиб вояга етган бу аскар йигит айни пайтда Фарғона вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилади. Ўз бурчини садоқат билан адо этаётган ўғлон “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланган. 18 йилдан буён оиласи, 3 нафар фарзанди билан ижарада яшаб келган ҳарбий хизматчига Қарши шаҳридан замонавий уй-жойнинг берилиши кутилмаган туҳфа бўлди. Бугун улар барча қулайликка эга бўлган 2 хонали шинам уйга кўчиб кирди.
– Бугун оила аъзоларимиз билан жуда бахтиёрмиз, – дейди Ўткир Қурбоновнинг турмуш ўртоғи Маҳкамтош Муродова. – Шунча йилдан буён ижрама-ижара юриб, кўп қийинчиликларни бошимиздан ўтқаздик. Ўз уйинг бўлгани қандай яхши. Фарзандларим ҳам жуда хурсанд.
Оиласи, фарзандлари билан хизмат қилаётган ҳудудида ёнма-ён яшаш имконияти ҳарбий хизматчиларни янада руҳлантириши баробарида ўз бурчига садоқатни, Ватанига меҳру муҳаббатини кучайтиради. Айниқса, узоқ муддатли ипотека кредити асосида берилаётган ушбу уйларнинг бошланғич тўлови Мудофаа вазирлиги томонидан тўлаб берилаётгани ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Шу куни Қарши шаҳрида 4 қаватли, 64 хонадондан иборат хизмат уйлари ҳам фойдаланишга топширилди. Ойдин маҳалласида қад ростлаган бу уйда Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юртида фаолият юритаётган ҳарбий хизматчилар истиқомат қилади. Тошкент шаҳрилик 29 ёшли майор Элнур Эгамов 12 йилдан буён Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида фаолият кўрсатади. 2 йилдан буён оиласи, 2 нафар фарзанди билан ижарада яшаб келаётган эди. Бугун бу оила ҳам ўз уйига эга бўлди. Энди кўнгли хотиржам.
– Ҳарбий хизматчиларга яратиб берилаётган имкониятлардан жуда мамнунман, – дейди майор Элнур Эгамов. – Соҳада фаолият юритаётган кўплаб хизматдошларим қаторида бугун менга ҳам янги квартира калити топширилди. Ўз уйинг бўлса, хотиржам хизмат қиласан. Бундан бошимиз кўкка етди. Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишга доим шаймиз.
Янги уйларда уй бекалари учун барча шароит яратилган. Бундай ғамхўрлик хизматни намунали, сидқидилдан, аъло даражада адо этишда муҳим аҳамият касб этади.
– Кенг ва ёруғ, шинам квартирамизда ҳамма шароитлар бор экан, – дейди Элнур Эгамовнинг турмуш ўртоғи Гулноза Эгамова. – Айниқса, уй бекалари учун яратилган қулайликлардан кўз қувнайди. Фарзандларимизнинг таълим-тарбия олиши учун боғча ва мактаб ҳам яқин экан. Хуллас, бугундан ҳаётимизда яна бир янги саҳифа очилди. Бундан бағоятда миннатдормиз.
Дарҳақиқат, ушбу маҳаллада “Темурийлар” номли нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг бунёд этилиши ҳарбий хизматчилар учун катта қулайлик яратди. Тадбиркор Шерзод Яхшиев ташаббуси билан қад ростлаган 100 ўринли боғча ҳарбий оилаларга байрам туҳфаси бўлди. Тарбия маскани ишга тушиши муносабати билан 25 та янги иш ўрни яратилди. Тарбия масканида мусиқа зали, ошхона, бадиий гимнастика, ўзбек жанг санъатига ихтисослаштирилган спорт заллари мавжуд. Рус, инглиз, корейс тиллари тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Бу болажонларнинг интеллектуал салоҳиятли, кенг дунёқарашли бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади.