Юртимизнинг муқаддас қадамжолари
Ривоятларда имоми ҳанафия Муҳаммад ғойиб бўлган жой деб таъриф берилган зиёратгоҳ ҳақида эшитганмисиз?
Хўжаобод тумани, Имомота қишлоғи, Тошота маҳалласининг тоғли ҳудудида жойлашган “Имом ота” зиёратгоҳининг умумий ҳудуди бир неча гектарни ташкил этади. Тоғ қояларидан бири зиёратхона ичига кирганлиги боис, айрим ривоятларда бу жойга Имом Ҳанафия Муҳаммад ғойиб бўлган жой, деб таъриф берилади. Зиёратгоҳ қадимдан ислом оламида муносиб ўрин тутган Имоми Муҳаммад Ҳанафия номи билан аталиб келинган.
[gallery-5843]
Ўзининг мустаҳкам таълимотига эга Имоми Ҳанафия авлодлари ва унинг шогирдлари ўлкамизда узоқ йиллар давомида қозилик ва бошқа диний бошқарув вазифаларини бажарганлар. Шу жумладан, Имом Ҳанафия шажарасига мансуб тақводор, азиз авлиёлар табиати сўлим, баҳаво, муқаддас ушбу зиёратгоҳда сулола анъаналари асосида шайхлик қилиб, одамларни иймон эътиқодга, ҳалоллик ва покликка чорлаган. Маҳалладан оқиб ўтувчи ариқ ёқасида жойлашган дам олиш масканлари, чойхона, тижорат дўконлар, шунингдек, қишлоқ юқорисидаги тоғлик ҳудуддаги булоқлардан оқиб тушувчи кичик жилғалар зиёратгоҳнинг таркибий қисмига киради. Бу ер табиати гўзал, ҳавоси мусаффолиги учун ҳам ҳамиша одамлар билан гавжум. Табаррук масканга зиёратчилар ният ва мақсадлари ижобати, ҳожатларига равонлик, мушкулларига осонлик, дардларига шифо тилаб ҳамда хордиқ чиқариш мақсадида ташриф буюради.
Зиёрат жойи қадимий Тошота қабристонининг рўпарасида жойлашган. Унинг ёнида зиёратгоҳ деворга туташ айлана тархли ошхона, айвон ва зиёратгоҳ хизматчилари учун махсус хоналар мавжуд. Кичикроқ 4 та хонадан иборат зиёратгоҳда ташриф буюрувчиларнинг ибодат қилишлари ва намоз ўқишлари учун барча қулайликлар яратилган. Зиёратгоҳнинг жанубий томонида II жаҳон уруши қатнашчилари хотирасига қўйилган ёдгорлик бор. Айрим манбаларда келтирилишича, XIX аср охирларида андижонлик Маҳмудалибой исмли шахс томонидан зиёратгоҳ таъмирланган. Бу ерда Ҳанафия мақбараси бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотлар топилмаганлиги учун 2011 йилда маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилиб, диққатга сазовор жой – “Имом ота” зиёратгоҳи деб қайта рўйхатга олинган. Зиёратгоҳ мустақиллик йилларида миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта тикланган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА