Юртимизда қанча аҳоли бустер доза билан эмланган?
Санитария-эпидемиология хизмати маълумотларига кўра, 2021 йил 1 апрелидан 1 августигача бўлган муддатда юртимиз аҳолисининг 5,2 миллион нафари коронавирусга қарши биринчи доза вакцина билан, шулардан 733,8 минг нафари бугунгача бустер доза билан эмланган. Қолган қисми эса бустер доза билан эмланувчи контингиентга киради.
Мутахассисларнинг фикрича, бустер доза вакцина билан эмланиш «альфа», «дельта» штаммларидан ташқари, «омикрон»дан ҳам ҳимоя қила олади. Мабодо, касаллик юқиб қолгудек бўлса ҳам, у жиддий асоратларсиз, енгил ўтиб кетади.
ССВ Матбуот хизмати маълумотларига кўра, Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига январь ойида жами 8 минг 601 нафар бемор мурожаат қилган бўлса, уларнинг 8 минг 243 нафари коронавирусга қарши вакцина олмаган. Бор-йўғи 358 нафари COVID-19 га қарши эмланган. Вакцина олмаганларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ҳатто, ўлим ҳолатлари кузатилмоқда. Назаримизда, мазкур рақамларнинг ўзиёқ вакцина олиш ҳамда бустер доза билан эмланишга қарор қилишга асос бўла олади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА